Ширмонбулоқ қишлоғида янги мактаб очилди
Андижон вилояти Булоқбоши туманининг чекка Ширмонбулоқ қишлоғида кимё ва биология фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби ташкил этилиб, янги биноси фойдаланишга топширилди.
Мактаб очилишига бағишланган тадбирда Президентимиз ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда умумтаълим мактаблари учун мослаштирилган бинолар қуриш, мактабларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқитувчи ва ўқувчиларга зарур иш шароитлари яратиш, ўқувчиларнинг пухта билим олиши, таълим сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.
Қишлоқдаги қарийб ўн беш йил аввал таъмирланган 300 ўринли 30-умумтаълим мактаби “Замонавий мактаб” лойиҳаси доирасида капитал реконструкция қилиниб, қўшимча 330 ўринли янги ўқув биноси қурилиши ҳисобига мактаб тўла янгича қиёфага эга бўлди. Шунингдек, мактабда 90 ўринли фаоллар зали, 60 ўринли ошхона, кимё ва биология фанлари учун махсус, шунингдек, лаборатория хоналари қурилди, спорт зали мукаммал таъмирланди. Қурилиш-таъмирлаш ишлари “BILL XXI” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан амалга оширилди, замонавий мебель ва ўқув жиҳозлари билан таъминланди.
Қурилиш, таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 4 миллиард 20 миллион сўм бюджет маблағи сарфланди. Эндиликда замонавий кўринишга эга, барча шарт-шароитлар яратилган мазкур 55-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ўқувчилар кимё ва биология фанларини чуқур ўрганиш, пухта билим олиш имконига эга бўлди.
Мактаб очилишига бағишланган тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди.
[gallery-3709]
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА