Шифохонада махсус тактик ўқув машқи
Наманганда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда соғлиқни сақлаш муассасаларида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларнинг оқибатларини тезкор бартараф этиш мақсадида махсус тактик ўқув машқи ўтказилди.
Янги Наманган туманидаги Гўзал маҳалласида жойлашган Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалида ташкил этилган мазкур ўқув машқида ёнғин-қутқарув бўлинмалари, қутқарув хизматлари ҳамда бошқа тегишли ҳамкор ташкилотлар ходимлари иштирок этиб, фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш бўйича амалий кўникмаларини оширдилар.

– Машғулот жараёнида шартли равишда зилзила оқибатида муассасанинг олти қаватида ёнғин келиб чиқиши, оғир аҳволдаги ҳамда ҳаракати чекланган беморларни хавфсиз эвакуация қилиш кўрсатилди, – дейди Наманган вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси масъул ходими Қаҳрамон Сатторов. – Шунингдек, беморларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, ёнғинни тезкор бартараф этиш ҳамда жалб этилган куч ва воситаларни самарали бошқариш бўйича амалий тадбирлар бажарилди.

Амалий тактик машғулотда шошилинч тиббий ёрдам хизмати раҳбарияти ва тузилмалари шахсий таркибининг фавқулодда вазиятлар пайтида кўп сонли жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатишдаги аниқ, тезкор ва мувофиқлаштирилган ҳаракатлари ҳам амалда намойиш этилди.
Қолаверса, раҳбар ходимларнинг тезкор қарор қабул қилиш ҳамда қутқарув кучларини мувофиқлаштириш борасидаги кўникмалари янада мустаҳкамланди.

Мазкур ўқув машқи натижасида қутқарув хизматлари ва ҳамкор ташкилотларнинг фавқулодда вазиятларга тайёрлиги яна бир бор синовдан ўтказилиб, аҳоли ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган амалий тажриба янада бойитилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА