ШҲТ ҳудудида ишбилармонлар ҳамкорлиги янада мустаҳкамланади
ШҲТ бизнес форуми ва ШҲТ ишбилармонлар кенгашининг ялпи йиғилиши видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтди.
Учрашувда ШҲТ Ишбилармонлар кенгаши раиси, Россия Федерацияси Савдо-саноат палатаси президенти Сергей Катирин, ШҲТ Бош котиби Владимир Норов, Ўзбекистон Республикасидан ШҲТ Ишбилармонлар Кенгаши миллий бўлими раиси, Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, шунингдек, ШҲТ Кенгашининг бошқа вакиллари иштирок этди.
С.Катирин ШҲТ ИК томонидан амалга оширилаётган ишлар аҳамиятига тўхталаркан, савдо-иқтисодий ва сармоявий муносабатларни янада мустаҳкамлаш, умумий кўрсаткичларни оширишга имкон берадиган тармоқ тамойилига жиддий эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.

Ишбилармонлик кооперацияси ривожини таъминловчи асосий омиллардан бири ёш тадбиркорларни ишга кўпроқ жалб қилиш экани қайд этилди.
А. Икромов эса ўз навбатида ШҲТ мамлакатлари иқтисодиётини рақамлаштириш бўйича етакчи IT-компаниялар, молия ва венчур капитал ташкилотлари, шунингдек, кичик бизнес субъектлари иштирокида иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштириш истиқболини муҳокама қилиш ва соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш учун халқаро форум ўтказиш таклифини билдирди.
Тадбир давомида Савдо-саноат палаталаридан кичик бизнес субъектларининг рақамли технологиялардан фойдаланиш асосларини эгаллашга қаратилган билимларни эгаллаш учун шароит яратишни талаб қиладиган иқтисодиётни рақамлаштириш ва айни кўникмаларни бизнес жараёнида ҳаётга тадбиқ қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Аёллар, ёшлар, шунингдек, аҳолининг заиф қатламларини жалб қилган ҳолда янги иш ўринлари яратишга электрон тижорат ҳам салмоқли ҳисса қўшаётгани таъкидланди.
Шунингдек, иштирокчи давлатлар ишбилармон доиралари ўртасида кўп томонлама алоқалар ўрнатиш муҳимлиги, бунинг учун ушбу ташкилот минтақада савдо-иқтисодий, илмий-техникавий, транспорт, инвестиция, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим платформа экани эътироф этилди.
Бундан ташқари, иштирокчилар иқтисодий ривожланиш, кичик ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция имконияти ва бошқа турли мавзуларда ШҲТ ИК миллий бўлимлари билан маълумот алмашдилар.

Маълумот учун: Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Ишбилармонлар кенгаши (ШҲТ ИК) 2006 йил 14 июнда Хитойнинг Шанхай шаҳрида кенгашнинг Қозоғистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Қирғизистон Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси миллий бўлимлари томонидан ташкил этилган.
ШҲТ ИК ҳамкорлик жараёнидаги устувор йўналишларни белгиловчи ва фаолиятнинг асосий йўналишларини ишлаб чиқувчи, шунингдек давлат ва бизнес уюшмалари ўртасидаги муносабатларга доир энг муҳим масалаларни ҳал қилувчи йиллик шўъба ҳисобланади. Бугунги кунда юртимиз ҳудудида ШҲТга аъзо давлатлар капитали иштирокида 5 минг 134 корхона фаолият кўрсатмоқда. Шундан 3587 таси қўшма, 1547 таси 100 фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхона.
2019 йил Ўзбекистон ва ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш кўрсаткичи 19,2 миллиард долларни ташкил этди. Бу миқдорнинг 7,3 миллиарди экспорт, 11,9 миллиарди эса импорт ҳиссасига тўғри келди.

ЎзА