ШҲТ - аёллар нигоҳида
Хитойнинг Шанхай шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти тузилганининг 25 йиллигига бағишлаб, Ўзбекистон, Россия, Беларусь, Арманистон ва Қозоғистоннинг сиёсатчи, тарихчи, ҳуқуқшунос, файласуф олималари иштирокида “Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аёллар нигоҳи: Глобал бошқарувни ҳамкорликда шакллантириш — ўзгариб бораётган дунёдаги бунёдкор куч” эллараро илмий амалий йиғини бўлиб ўтди.
Йиғинда Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари, тарих фанлари доктори, профессор Дилноза Жамолова “Ўзбекистонда аёллар масаласи ва ШҲТ доирасида амалга оширилган ишлар” мавзусидаги маъруза билан қатнашди.
Маъруза давомида қадимдан Туронда аёлларга кўрсатилган эҳтиром, уларнинг иқтисодий таъминоти, ижтимоий мавқеи, хотин-қизларнинг оила ва жамиятдаги ўрни, Россия империяси мустамлакаси даврида Туркистон аёлларининг аҳволи, 1991 – 2016 йилларда Ўзбекистонда аёллар масаласи: таълим, тиббий хизматдаги муаммолар, мажбурий меҳнат тартибларининг сақланиб қолиши ва бу жараёнга хотин-қизларнинг жалб қилиниши, 2017 – 2026 йилларда Янги Ўзбекистонда хотин-қизлар муаммосининг ҳал қилиниши, яратилган шароитлар, қизларнинг таълим олишини қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилган ишлар, аёлларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишини қўллаб-қувватлаш ва эришилган натижалар ҳақида маълумот берди.
Йиғин сўнгида ШҲТга аъзо давлатлар олималари биргаликда йўналишлар кесимида илмий лойиҳаларни амалга ошириш, асарлар яратишни муҳокама қилди.
Н.Усмонова,
ЎзА