Шерободда йирик иссиқхона мажмуасига тамал тоши қўйилди (+видео)
Президентимизнинг жорий йил 25 мартдаги “Аҳолини куз-қиш мавсумларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан барқарор таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида 940 гектар замонавий, энергия тежамкор иссиқхона мажмуаси қурилиши бошланди.
Лойиҳани амалга ошириш жараёнида Қизириқ туманидан ҳам 220 гектар ер майдони танлаб олиниб, 1 минг 160 гектар майдонда йирик иссиқхона комплекси бунёд этиладиган бўлди.
Иссиқхоналар ишини тизимли ва самарали йўлга қўйиш учун “Сурхон-Агро” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилиб, бу ерда маҳсулот етиштирадиган тадбиркорларга қатор имтиёзлар ҳам берилмоқда. Комплекс ишончли электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва оқова сув билан таъминланади.
– Янги иссиқхона комплексининг электр тармоғини қуриш бизнинг корхонамизга топширилган, – дейди “Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти раҳбари Маъруф Шамсуддинов. – Уни тез, сифатли бажариш учун бешта қурилиш бригадамиз ишга жалб этилди.
Тадбирда вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирокида иссиқхоналар қурилишига старт берилди. Мажмуанинг тақдимоти ўтказилди.
У тўлиқ ишга тушгач, йилига 126 минг тоннадан ортиқ маҳсулот етиштирилади. 18 минг тоннаси шу ерда қайта ишланиб, 6 минг 300 доимий ва 8 минг мавсумий иш ўрни яратилади. Лойиҳа аҳолининг бандлик масаласини ечишга кўмаклашиш баробарида ҳудудда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиб, воҳанинг экспорт салоҳиятини оширади. Энергия тежамкорлигига хизмат қилади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/d9BMM1qBtQQ" title="Sherobodda yirik issiqxona majmuasiga tamal toshi qoʼyildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири