Шахмат юлдузлари футбол майдонида
Шахмат бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов, Ҳумоюн Бекмуродовларнинг ўқув-машғулот жараёни ҳақида гап кетганда кўпчилик фақат 64 катакли шахмат тахтаси атрофидаги ўйинлар, компьютер ёки махсус доскалардаги мураккаб бошқотирмаларни кўз олдига келтиради.
Бироқ, шахматчиларимизнинг нуфузли мусобақаларда ғалаба қозонишида тафаккурнинг юксаклиги, ақлий билимнинг бойлиги билан бирга, руҳий ва жисмоний қувват ҳам муҳим роль ўйнашини баъзилар хаёлига ҳам келтирмайди.
Ўзбекистон шахмат федерацияси мутасаддилари, мураббийлар етакчи шахматчиларимизни халқаро мусобақаларга тайёрлашда жисмоний машқларга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда.
Терма жамоа мураббийи Саидали Йўлдошев, шахматчиларимизнинг жисмоний машқлари бўйича масъул мутахассис Фурқат Шириновнинг айтишича, етакчи гроссмейстерларимиз, умуман турли ёш тоифасидаги терма жамоа аъзолари учун алоҳида жисмоний машғулотлар дастури ишлаб чиқилган бўлиб, бунда футбол, стол тенниси, катта теннис, югуриш, чигалёзди машқлари қамраб олинган.
Куни кеча шахматчиларимизнинг футбол майдонидаги ўйинлари, машғулотларини кузатиш асносида “ақл гимнастикаси”даги муваффақият жисмоний ва руҳий қувватга боғлиқ эканига яна бир карра амин бўлдик.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/86P_GCpxTO0" title="Shaxmat yulduzlari futbol maydonida" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Тўлқин Рўзиев, Ойбек Давронов (видео), Искандар Исматов (монтаж), ЎзА