Шахмат: Шамсиддин Воҳидов “Titled Tuesday” турнирида 8-ўринни эгаллади
Ҳар ҳафтанинг сешанба куни дунёнинг энг кучли халқаро гроссмейстерлари иштирокида ўтказиладиган “Titled Tuesday” онлайн блиц турнирининг бу галги баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Шамсиддин Воҳидов, Афрўза Ҳамдамова, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов сингари 7 нафар шахматчимиз дона сурди.
Швейцарча тизимда 11 турдан иборат кечган муросасиз баҳслар якунига кўра, ҳамюртларимиздан Шамсиддин Воҳидов 8,5 очко жамғариб, қўшимча кўрсаткичлар эвазига 8-ўринни эгаллади.
Мусобақада 9 та ғалаба, 1 та дуранг ва 1 та мағлубият билан 9,5 очко тўплаган мексикалик гроссмейстер Хосе Мартинес турнир ғолибига айланди.

Блиц мусобақада қатнашган бошқа шахматчиларимиздан Жаҳонгир Воҳидов 11 тур якунида 6,5 очко, Нодирбек Ёқуббоев, Жавоҳир Бозоров ва Афрўза Ҳамдамова эса 4 тадан очко жамғаришга муваффақ бўлди.
Турнирда, шунингдек, ФИДЕ рейтингида етакчи ўринларни эгаллаб турган Фабиано Каруана, Ҳикару Накамура, Аржун Эригаиси, Ниҳал Сарин, Пранав, Алексей Сарана каби дунёнинг энг кучли ва тажрибали шахматчилари ўз маҳоратини намойиш этди.
Т.Рўзиев,
ЎзА