Шахмат: Ўзбекистон мактаб ўқувчилар жамоаси Осиё саралаш мусобақасида пешқадам
Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида шахмат бўйича мактаб ўқувчилари жамоалари ўртасида ўтказилаётган жаҳон чемпионатига йўлланма тақдим этадиган Осиё саралаш мусобақаси биринчи босқич баҳсларида 26 та жамоа қаторида Ўзбекистоннинг икки жамоаси ҳам иштирок этмоқда.
Кеча нуфузли турнир низомига мувофиқ, дастлабки 3 та тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Мамлакатимизнинг ёш ва иқтидорли шахматчиларидан ташкил топган “WISDOM SCHOOL” жамоаси дастлабки тур ўйинларида Қирғизистоннинг “SCHOOL NO. 70” жамоасини 3,5:0,5, Баҳрайннинг “SPSC MALIBAGH” жамоасини 3:1, Янги Зеландиянинг “ACG SUNDERLAND” шахматчиларини 3:1 ҳисобида мағлуб этди.
Мамлакатимизнинг яна бир жамоаси “AL-KHWARIZMI IT SCHOOL” вакиллари ўтказилган учта турнинг иккитасида имкониятни бой берган бўлса, биттасида дуранг қайд этди.

Ортда қолган 3 та тур ўйинлари сарҳисобига кўра, мамлакатимизнинг “WISDOM SCHOOL” жамоаси 16 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Кейинги ўринларни банд этган Россия Федерациясининг ”KURCHATOV SCHOOL” ва Қозоғистоннинг “SEED UNIKER SCHOOL” жамоалари ҳисобида 14 очко мавжуд.
8 та турдан иборат мусобақалар 10 апрелга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА