Шавкат Ҳамроев учрашувда битирувчи талабаларни ишга таклиф этди
Бугун “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университетида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев талаба-ёшлар билан учрашув ўтказди.
Тадбирда ёш мутахассислар, олимлар, талабалар, докторантлар ҳамда профессор-ўқитувчилар иштирок этди.

Учрашув давомида университет ректори Баҳодир Мирзаев ва вазир Шавкат Ҳамроев мамлакатимизда ёшларга қаратилаётган эътибор, улар учун яратилаётган имкониятлар, шунингдек, илм-фан билан шуғулланиш учун мавжуд шароитлар ҳақида батафсил фикр алмашди. Таъкидланишича, мазкур университет сув хўжалиги соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда таянч олий таълим муассасаси ҳисобланади.
Ўз нутқида Шавкат Ҳамроев сув хўжалиги соҳасида таълим, фан ва ишлаб чиқариш ўртасидаги интеграцияни янада кучайтириш мақсадида университет билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилганини қайд этди. Унинг маълум қилишича, сўнгги беш йилда тизимга 4000 га яқин олий маълумотли мутахассис ишга қабул қилинган бўлса, жорий йилда яна 1000 нафар битирувчини иш билан таъминлаш режалаштирилган.

Эътиборли жиҳати, Шавкат Ҳамроев учрашувда қатнашаётган барча битирувчи талабаларни сув хўжалиги тизимида фаолият юритиш учун иш билан таъминлаш бўйича таклиф билдирди.
Самимий ва очиқ мулоқот руҳида ўтган тадбир якунида талабалар аввалги учрашувларда билдирилган мурожаат ва таклифлар амалий ечим топгани учун миннатдорлик билдириб, бу сафар ҳам янги ташаббусларни илгари сурди. Барча таклиф ва ташаббуслар масъуллар томонидан қўллаб-қувватланди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА