“Шараф йўли” ҳамда “Шарофнома” китоблари тақдимоти
Жиззах шаҳридаги вилоят ахборот-кутубхона марказида атоқли ёзувчи, давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов ҳаёти ва фаолиятига бағишланган икки асар тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда таниқли ёзувчи, шоир ва журналистлар, Жиззах давлат педагогика университети олимлари, профессор-ўқитувчилар, ёзувчининг яқинлари, фахрийлар, талаба ёшлар иштирок этди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Акмал Савурбоев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Жиззах вилоят бўлими раҳбари Меҳрибон Абдураҳмонова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Шуҳрат Жабборов, Ўзбекистон Қаҳрамони, меҳнат фахрийси Парда Зиятов ва бошқалар ёзувчи Абдуқаюм Йўлдошевнинг “Шараф йўли” романи ҳамда шоира Сайёра Тўйчиеванинг “Шарофнома” номли достон ва эсселар тўпламининг бадиий аҳамияти хусусида сўз юритди.
– Биз, кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳри эли Шароф Рашидовни самарқандлик деб билсак, Жиззах вилоятида яшовчилар Шароф отани жиззахлик дейишади. Аслида атоқли ёзувчи Самарқанд вилояти Жиззах туманида таваллуд топган ва у киши бутун Ўзбекистоннинг суюкли фарзанди, десак тўғри бўлади, – дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Олий Мажлис Сенати аъзоси, “Зарафшон” газетаси бош муҳаррири Фармон Тошев. – Шароф Рашидовни билмаган одам ўзбекистонлик эмас. Атоқли ёзувчи, давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидовнинг ҳаёти ва меҳнат фаолияти билан яқиндан танишмоқ истагида бўлганлар “Шараф йўли” ҳамда “Шарофнома” номли китобларни ўқишларини тавсия қилган бўлардим. Чунки, атоқли ёзувчи, давлат арбобининг ёрқин сиймоси китобда бадиий жилолар билан ёрқин акс эттирилган. Бунинг учун ҳар икки ижодкорга раҳматлар айтишимиз лозим.
– Шароф Рашидовнинг буюк шахс сифатидаги сиймоси “Шараф йўли” романи ҳамда “Шарофнома” номли достон, эсселар тўпламида ҳаётий ва таъсирчан мисоллар ёрдамида очиб берилган, – дейди таниқли ижодкор Шуҳрат Жабборов. – Унда жуда қимматли ва керакли, жиддий факт ва маълумотлар келтирилган. Халқимиз буюк инсон ҳақидаги асарларни интиқиб, интизорлик билан кутади, чунки у кишининг Ўзбекистон халқи учун амалга оширган ишларини 3-4 та китобга сиғдириш мумкин эмас.
Китобларнинг муаллифлари Абдуқаюм Йўлдошев ҳамда Сайёра Тўйчиева тақдимот ташкилотчиларига ва барча иштирокчиларга самимий миннатдорлик билдирди.
[gallery-13964]
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат),
ЎзА мухбирлари