Сенинг овозинг – сенинг келажагинг
Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот маркази Навоий вилояти бўлимида жорий йилги сайловда биринчи бор иштирок этаётган ёшлар иштирокида “Сенинг овозинг – сенинг келажагинг” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Марказий сайлов комиссияси халқаро матбуот маркази Навоий вилояти бўлимида жорий йилги сайловда биринчи бор иштирок этаётган ёшлар иштирокида “Сенинг овозинг – сенинг келажагинг” мавзусида тадбир бўлиб ўтди.
Унда Навоий шаҳридаги бир қатор умумтаълим мактабларининг жорий йил сайловда иштирок этадиган ўқувчилари, вилоят сайлов комиссияси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари, сиёсий партиялар вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.
Тадбирда ёш сайловчилар миллий сайлов қонунчилигимиздаги янгиликлар, Сайлов кодексининг мазмун-моҳияти, сайловчиларнинг ҳуқуқ ва бурчлари, ҳар бир овознинг аҳамияти ҳақидаги батафсил маълумотга эга бўлди.
Шундан сўнг, ёшлар сиёсий партиялар вакилларига партияларнинг сайловолди дастури, ўз олдига қўйган ғояларининг мазмуни, партиялар томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида турли саволлар билан мурожаат қилди. Айниқса, депутатлик ваколатлари ва депутат ишининг назорати қандай бўлиши, партиялар олдида турган вазифаларни қай даражада амалга ошираётганлиги ёшларимизни қизиқтирди.
Дебатда ёш депутатларнинг ўз партиялари манфаатларини ҳимоя қилган ҳолда билдирган фикрлари барчанинг эътирофига сазовор бўлди.
– Тадбирда мен сайлов тўғрисида ўзимга керак бўладиган барча маълумотларга эга бўлдим, – дейди 7-умумтаълим мактаби ўқувчиси Фахриёр Бахтиёров. – Сиёсий партия вакиллари билан бўлган бундай учрашув уларнинг мақсад ва вазифалари ҳақида тўлиқ маълумот олишимизда ёрдам берди. Мен бугун сайловда иштирок этиб овоз беришим, ўз келажагим, ватаним равнақи учун нақадар муҳимлигини яна бир бор англадим. 22 декабрда бўладиган сайловларда шахсан иштирок этиб, муносиб деб билган номзодимга овоз бераман.
Тадбир давомида ёш сайловчиларга сайлов қонунчилиги ҳақида тўлиқ маълумот берувчи тарқатма флаерлар тарқатилди.