Сенаторлар Россиядаги сайловда халқаро кузатувчи сифатида иштирок этди
Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов Россия Федерацияси Федерал мажлиси Давлат думасининг IX чақириқ депутатлари сайловида Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) Парламентлараро ассамблеяси (ПА)дан кузатувчилар миссияси таркибида Москва шаҳри ва Рязань вилоятида ўтказилган мониторинг тадбирларида иштирок этди.
Сенатор Рязань шаҳрида қатор сайлов участкаларида бўлиб, участка сайлов комиссиялари раислари ва аъзолари, жамоатчилик кузатувчилари ҳамда волонтёрлар фаолияти билан танишди. Сайловчилар учун яратилган шароитлар, овоз бериш жараёнини кузатиш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича кўрилган чоралар ҳам ўрганилди.
Бундан ташқари, Рязань вилояти Жамоатчилик кузатув штаби фаолияти билан ҳам танишилди. Халқаро кузатувчиларга сайлов участкаларидаги жараёнларни реал вақт режимида кузатиш имконини берувчи видеомониторинг тизими ҳақида маълумот берилди.
Қ.Бурхонов сайлов участкаларида овоз бериш белгиланган тартибда ташкил этилгани, жамоатчилик кузатуви йўлга қўйилгани ва жамоат тартибини таъминлашга эътибор қаратилаётганини қайд этди.
Сенатор Рязань вилояти губернатори Павел Малков, вилоят сайлов комиссияси раиси, вилоят Думаси ва шаҳар Думаси раҳбарияти, Россия сенатори ҳамда Беларусь Республикасидан келган халқаро кузатувчилар билан учрашувлар ўтказди.
Мулоқотлар чоғида сайловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби, сайлов комиссиялари фаолияти, овоз бериш жараёнининг очиқлиги, жамоатчилик ва халқаро кузатувни ташкил этиш, сайловчиларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ҳамда жамоат тартибини сақлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
***

МДҲ ПА кузатувчилар миссияси таркибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси раиси ўринбосари Қобулжон Турсунов ҳам қатнашди.
Сенатор миссия аъзолари билан бирга Россия Федерацияси Марказий сайлов комиссияси, Федерал Мажлис Федерация кенгаши, Давлат думаси, Санкт-Петербург Қонунчилик мажлиси ҳамда ҳудудий сайлов комиссиялари вакиллари билан ўтказилган учрашувларда иштирок этди.
Санкт-Петербург қонунчилик мажлиси раиси Александр Бельский билан бўлиб ўтган учрашувда сайловни ташкил этиш ва ўтказиш жараёнлари, сайлов қонунчилиги, сайловчиларни хабардор қилиш, участка сайлов комиссиялари фаолияти ҳамда халқаро кузатувчиларнинг вазифалари юзасидан фикр алмашилди.
Сенатор Санкт-Петербург сайлов участкаларида овоз бериш жараёнларини бевосита кузатиб, сайловчилар ва жамоатчилик вакиллари билан мулоқот қилди, овоз беришни ташкил этиш, сайловчиларнинг хабардорлиги ва сайлов участкаларида яратилган шароитлар билан танишди. Сенаторнинг фикрича, сайлов участкаларида яширин овоз бериш кабиналари ва ногиронлар учун қулай овоз бериш кабиналари мавжуд, шунингдек, бир мандатли сайлов округларидаги партия рўйхатлари ва номзодлар ҳақида маълумотлар жойлаштирилган.
Н.Абдураимова,
ЎзА