Сенаторлар ичимлик суви ва оқова сув тизимида сақланиб қолаётган муаммоларга эътибор қаратди
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси мажлисида “Давлат ветеринария назорати такомиллаштирилиши муносабати билан “Ветеринария тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.
Қонун давлат ветеринария назорати тизимини янада такомиллаштириш, миллий қонунчиликни Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чоралари тўғрисидаги битими ҳамда Жаҳон ҳайвонлар соғлиги ташкилотининг халқаро кодекслари талабларига уйғунлаштиришга қаратилган.
Ветеринария соҳасида ҳайвонлар касалликларининг олдини олишга эътибор кучайтирилмоқда, профилактика чоралари даволаш ишларидан устун қўйилмоқда. Қонунда ветеринария назоратидаги товарлар хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилувчи нормалар мустаҳкамланмоқда.
Бундан ташқари, ҳайвонларнинг юқумли касалликлари бўйича ҳудудлар ва кичик ҳудудлар (компартментлар)ни ажратиш, уларнинг хавфсизлик тоифаларини белгилаш, ветеринария-санитария чораларини хавф таҳлили асосида қўллаш ҳамда давлат ветеринария хизмати назоратидаги товарларни зарур ҳолларда лаборатория текширувидан ўтказишга оид нормалар назарда тутилмоқда.

Мажлисда яна бир масала муҳокама қилинди. Хусусан, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти томонидан аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш қамровини кенгайтириш, сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш, мавжуд инфратузилмани модернизациялаш бўйича қатор йирик лойиҳалар амалга оширилгани қайд этилди.
Натижада аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси республика бўйича 83 фоизга етказилган. Бугунги кунда 8,3 миллион кишига марказлашган оқова сув хизматлари кўрсатилмоқда.

Аҳолини ичимлик суви ва оқова сув хизматлари билан таъминлаш мақсадида давлат дастурлари доирасида 1 минг 117 км ичимлик суви, 190 км оқова сув тармоқлари, 23 ичимлик суви иншооти ва 9 оқова сув иншооти қурилиб, реконструкция қилинган. Натижада 446 минг кишининг ичимлик суви билан таъминланиши яхшиланиб, 78 минг кишига кўрсатилаётган оқова сув хизматлари сифати оширилган.
Сенаторлар томонидан ичимлик суви ва оқова сув тизимида сақланиб қолаётган тизимли муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, айрим ҳудудларда ичимлик сувини белгиланган график асосида етказиб беришда узилишлар кузатилаётгани, сув босими ва сифати билан боғлиқ муаммолар, канализация тармоқларининг эскиргани, шунингдек, қурилиш ишлари ҳамда инвестиция лойиҳаларининг кечикаётгани қайд этилди.
Мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Бундан ташқари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига мазкур соҳа фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича белгиланган вазифалар ижроси устидан таъсирчан депутатлик назоратини амалга ошириш масалаларига бағишланган семинар ўтказилди.
Семинар давомида маҳаллий кенгашлар депутатларининг мазкур йўналишдаги назорат ваколатларини амалга ошириш, ҳудудлардаги лойиҳалар ижросини тизимли мониторинг қилиш, мутасадди ташкилотлар ҳисоботларини эшитиш ҳамда аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА