Сенат ялпи мажлисини кириш сўзи билан очган Сенат Раиси Танзила Норбоева парламент юқори палатасининг 2025 йилдаги фаолияти натижаларига тўхталди.
– 2025 йил Президентимиз бошчилигидаги Янги Ўзбекистон ислоҳотларини амалга оширишнинг муҳим даври сифатида тарихга кирди. Иқтисодиётимизда жадал ўсиш суръатлари кузатилди. Камбағаллик даражаси сезиларли даражада қисқариб, халқимизнинг ҳаёт сифати янада яхшиланди.

Сенатнинг биринчи ялпи мажлисида давлатимиз раҳбарининг билдирган ишончи ва устувор вазифаларидан келиб чиқиб, сенаторлар, қолаверса, маҳаллий кенгашлар билан ўзаро ҳамжиҳатликда ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш ва мустаҳкамлашга қаратилган қонун ижодкорлигида эътиборга молик натижаларга эришдик. Кўплаб соҳа ва йўналишларга оид жами 136 қонун кўриб чиқилди. Қайд этиш керак, бу охирги беш йилдаги энг юқори кўрсаткичдир, – деди Сенат Раиси.

Ўтган йилда парламент назорати самарадорлигини ошириш, маҳаллий давлат ҳокимияти ва вакиллик органлари фаолиятини такомиллаштириш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини кучайтириш, оила, болалар манфаатларига қаратилган 13 қонунчилик таклифи ишлаб чиқилди. Шундан 6 таси белгиланган тартибда Қонунчилик палатасига киритилди (қолганлари келишув жараёнида).
Маҳаллий кенгашлар билан биргаликда жойлардаги ўрганишлар, учрашувлар давомида аҳолини ташвишга солаётган 1,5 мингдан ортиқ масала аниқланди ва Ҳукумат киритилган таклиф асосида уларни ҳал қилиш учун жорий йилда Давлат бюджетидан 2,2 триллион сўм ажратилиши кўзда тутилди. 2024 йилга солиштирганда бу қарийб икки баробарга кўпдир.
Н.Абдураимова,
Ф.Абдурасулов (сурат), ЎзА