Сенат: мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини бузган мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кўриб чиқилади
Олий Мажлис Сенати кенгашининг “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонун ижроси ҳамда давлат органлари ва ташкилотларида мурожаатлар билан ишлаш ҳолати муҳокамасига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Сенат аъзолари, Президент Халқ қабулхонаси, Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, вазирлик ва идоралар масъуллари, шунингдек, ҳудудий ҳокимликлар ва маҳаллий кенгашлар раҳбарлари иштирок этди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева бошқарган мажлисда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош ғояси – “Инсон қадри учун” тамойили экани алоҳида таъкидланди.
Конституцияда мустаҳкамланган ижтимоий давлат тамойили, энг аввало, инсоннинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, унинг ташвишларини эшитиш ва муаммоларига ечим топишда намоён бўлади.

– Президентимиз томонидан илгари сурилган. “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятининг асосий мезони ҳисобланади, – деди Т.Норбоева. – Давлатимиз раҳбари ўз фаолиятининг дастлабки кунларидан бошлаб халқ билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг дарду ташвишларини бевосита эшитиш ва уларнинг муаммоларига ечим топишга алоҳида эътибор қаратди. Бу борада Президент Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхона ташкил этилди, шахсий ҳамда сайёр қабуллар тизими йўлга қўйилди. Вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар ҳамда маҳалладаги масъуллар фуқаролар муаммоларини ҳал этиш учун зарур ваколат ва имкониятларга эга. Кўплаб мурожаатлар бўйича ижобий натижаларга эришилаётганига қарамай, айрим ҳолларда бир масала юзасидан такрорий мурожаатлар қилиш, фуқароларнинг турли идоралар ўртасида сарсон бўлиши ва маҳаллий даражада ҳал этилиши мумкин бўлган муаммолар билан пойтахтга келиш ҳолатлари ҳамон учрамоқда.
Мажлисда мурожаатлар билан ишлашда фақат уларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш билан чекланиб қолмасдан, муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, уларни тизимли равишда бартараф этиш ва фуқароларнинг ҳар бир мурожаати бўйича аниқ натижага эришиш зарурлиги қайд этилди.

Сенаторлар ҳар бир мурожаат ортида инсоннинг тақдири, оиланинг ташвиши борлиги, бир хил масала кўплаб мурожаатларда такрорланса, ушбу масалага алоқадор давлат бошқаруви, тегишли соҳа ёки маҳаллий ҳокимият органлари фаолияти таҳлил қилиниб, бунинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш зарурлигини таъкидлади.
Мурожаатларни биринчи босқичда тўлиқ ҳал этмаслик, расмиятчиликка йўл қўйиш ва белгиланган муддатларга риоя этмаслик каби камчиликларни бартараф этиш зарурлиги айтилди.
Энг кўп мурожаат тушаётган вазирлик ва идораларга уларнинг сабабларини чуқур таҳлил қилиш, такрорий мурожаатларга олиб келаётган тизимли муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгилаш вазифаси қўйилди.

Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини бузган мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кўриб чиқиш, ижро интизомини мунтазам муҳокама қилиш, мурожаат қилувчилар билан қайта алоқа ўрнатиш ва уларнинг қониқиш даражасини баҳолаш механизмларини жорий этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Бош прокуратурага мурожаатлар тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш, ҳудудий ҳокимликларга сайёр ва шахсий қабулларни самарали ташкил этиш, маҳаллий кенгашларга ушбу масалани мунтазам муҳокама қилиб бориш вазифалари топширилди.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА