Сенат мажлиси: алифбо такомиллашади, давлат чегарасини қўриқлаш кучаяди(+видео)
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади. Унда Сенат аъзолари, Ҳукумат вакиллари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ялпи мажлисни Сенат Раиси Танзила Норбоева кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мақсади инсон қадрини юксалтириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва ҳар бир оила учун муносиб яшаш шароитларини яратишдан иборат эканини таъкидлади.
Мажлисда қайд этилганидек, сўнгги йилларда олиб борилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида юртимизда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 4 фоизгача камайди. Бу натижа аҳолига шунчаки моддий ёрдам кўрсатиш билан эмас, балки маҳалла, кўча ва хонадонбай тизимли ёндашув асосида қўлга киритилди. Жумладан, йил бошига нисбатан эҳтиёжманд аҳоли сони 2,2 миллиондан 1,5 миллион нафарга қисқариб, 49 та туман ва қарийб 3,5 минг маҳалла камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудудга айланди.
– Давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган аниқ механизмлар асосида йил якунига қадар 350 минг нафар аҳолини доимий иш билан таъминлаш, яна 1 миллион кишининг даромадини ошириш ҳамда 230 минг оилани камбағалликдан чиқариш кўзда тутилган, – деди Т.Норбоева. – Бунда асосий ваколат ва ресурсларни қуйи бўғин — туман даражасига тушириш, ижтимоий реестрга киритиш мезонларини қайта кўриб чиқиш муҳим аҳамият касб этади. Камбағалликни қисқартириш – бу рақамларни ўзгартириш эмас, балки инсон ҳаётини яхшилаш, оиланинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш демакдир.
Ялпи мажлисда бир қатор муҳим қонунлар муҳокама марказида бўлди. Жумладан, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини янада такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси маъқулланди.
Шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтирувчи, товарлар сифатини текшириш тартибларини аниқлаштирувчи ҳужжат кўриб чиқилди. Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилишни янада кучайтиришга қаратилган қонун билан эса ноқонуний тоннеллар ва шу каби инфратузилма объектларини қуриш, улардан фойдаланиш ёки бундай фаолиятни молиялаштирганлик учун жавобгарлик белгиланди.
Мажлисда Миллий гвардия фаолиятига оид қонунга ўзгартиришлар киритилиб, жамоат хавфсизлиги ва тартибини таъминлаш тизими янада такомиллаштирилиши қайд этилди. Бундан ташқари, низосиз талабларни нотариус орқали расмийлаштиришни соддалаштириш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда юбориш имкониятларини кенгайтириш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро фуқаро авиацияси соҳасидаги иштирокини фаоллаштиришга қаратилган қатор қонунлар маъқулланди.
[gallery-31358]
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/YXpa5w6V9kk?si=6QDS5NG_oJV5fXiB" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Норгул Абдураимова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), Дониёр Ёқубов (видео), Салимжон Обиджонов (монтаж),ЎзА