School 21 мактабининг илк битирувчиларига диплом топширилди
Тошкент шаҳрида рақамли технологиялар соҳасида бепул таълим берувчи School 21 лойиҳасининг илк битирувчиларига диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Мактабнинг Тошкент ва Самарқанд кампусларида таҳсил олган ёшлар таълим дастурини муваффақиятли якунлаб, меҳнат бозорига йўл олди.
Рақамли технологиялар вазирлиги кўмагида ташкил этилган мазкур мактаб мамлакатимиздаги замонавий IT таълим марказларидан бири ҳисобланади. Бу ерда таълим «тенгдош-тенгдошга» тамойили асосида йўлга қўйилган бўлиб, иштирокчилар реал лойиҳалар устида ишлаш орқали назарий билим ва амалий кўникмаларни эгаллайди.
Мактабда Backend, Frontend, мобиль дастурлаш, GameDev, киберхавфсизлик, Data Science, Machine Learning, UX/UI дизайн, лойиҳа ва маҳсулот менежменти ҳамда биоинформатика каби 13 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланмоқда.
School 21да тингловчилар анъанавий маърузалар орқали эмас, балки мустақил изланишлар, жамоавий лойиҳалар ва реал бизнес вазифаларини бажариш жараёнида мутахассис сифатида шаклланади. Бугун битирувчиларнинг бир қисми халқаро компанияларда фаолият юритаётган бўлса, бошқалари ўз стартап ва технологик ғоялари устида иш олиб бормоқда.
[gallery-30045]
Ҳозирда мактабнинг асосий таълим босқичида 2 мингдан зиёд иштирокчи таҳсил олмоқда. Илк битирувчилар эса мазкур таълим модели самарадорлигини намоён этган биринчи авлод сифатида аҳамият касб этади.
— Таълим масканимизга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан IT соҳасига қизиқувчилар янги касб эгаллаш ва меҳнат бозорида муносиб ўрин топиш мақсадида келади, - дейди School 21 рақамли технологиялар мактаби ижрочи директори Зарина Луқмонова. — Бу ерда 17 ёшдан ошган ҳар қандай фуқаро дастурлаш ва ахборот технологиялари соҳасидаги касбларни мутлақо бепул ўрганиши мумкин. Бугун 60 нафар иштирокчи таълимни муваффақиятли якунлади. Улар Lobster.io, Better Web, EPAM, Webase, AVO, Uzcosmos, IT Park резидентлари ва бошқа қатор ташкилотларда амалиёт ўтаб, қимматли иш тажрибасини орттирди.
Лойиҳанинг ўзига хос жиҳатларидан бири қабул жараёни ҳисобланади. Номзодлар дастлаб «ҳовуз» деб аталувчи интенсив саралаш босқичида иштирок этади. Унда иштирокчиларнинг аввалги маълумоти ёки дипломи эмас, балки мустақил ўрганиш қобилияти, муаммоларни ҳал қилиш маҳорати, интизоми ва жамоада ишлаш кўникмалари баҳоланади.
Саралашдан муваффақиятли ўтган иштирокчилар кейинги босқичларда ўқув лойиҳалари, жамоавий топшириқлар, кодларни ўзаро текшириш тизими, хакатонлар ва амалий машғулотлар орқали билим ва тажрибасини мустаҳкамлайди. Шунингдек, улар 13 та ихтисослик йўналишидан бирини танлаб, ўз касбий ривожланиш йўлини белгилайди.
Таълим жараёнининг муҳим қисми етакчи IT компаниялари ва технологик ташкилотларда ташкил этиладиган амалиёт ҳисобланади. Бу иштирокчиларга реал иш муҳитида ўз билим ва кўникмаларини синаб кўриш, соҳадаги мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш имконини беради.
Битирув маросимида School 21 жамоаси, ҳамкор ташкилотлар, IT соҳаси вакиллари, битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирининг биринчи ўринбосари Аюбхон Султонов очиб бериб, мамлакатимизда рақамли кадрлар тайёрлашда амалий таълимнинг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Маросимнинг асосий қисми битирувчиларга диплом топшириш тадбири бўлди. Бу улар учун таълим босқичининг якунланиши билан бирга касбий фаолиятнинг янги босқичига қадам қўйиш рамзига айланди.
— Аввал тиббиёт соҳасида меҳнат қилган бўлсам-да, рақамли технологияларга қизиқишим мени School 21га олиб келди, - дейди битирувчилардан бири Зиёда Нарзиқулова. — Киберхавфсизлик йўналишини танлаб, бир қатор лойиҳаларда иштирок этдим. Жамоамиз билан сунъий интеллект технологияларига асосланган «AI Medics» лойиҳаси ва «Stars of Ulugbek» таълимий ўйинини ишлаб чиқдик. Келгусида технологиялар орқали ижтимоий аҳамиятга эга ташаббусларни амалга оширишни режалаштирганман.
Тадбирда таъкидланганидек, School 21нинг илк битирувчилари мамлакатимизда шаклланаётган янги авлод рақамли мутахассисларининг ёрқин вакиллари саналади. Уларнинг билим ва амалий тажрибаси иқтисодиётнинг турли тармоқларида рақамли трансформация жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилади.
Камола ЮСУПОВА, Ўктам ҲАЙИТОВ (сурат), ЎзА