Сайёр қабулда муаммолар ҳал этилмоқда
“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти томонидан тизим корхоналари ва филиалларида мунтазам сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.
“Талимаржон ИЭС” АЖда ўтказилган сайёр қабул ҳам улардан бири. Унда иштирок этган ишчилар 12 масалада ўз мурожаатини билдирди ва унинг 6 таси жойида ҳал этилди. Масъуллар яна олтита мурожаат иш жараёнида кўриб чиқилиши бўйича тегишли тушунчалар берди.
–Бундан ташқари, ходимлар томонидан турли маданий-маърифий ва спорт тадбирларининг ташкил этилиш тартиби, рағбатлантириш, ижтимоий ёрдамлар бериш қоидалари борасида ҳам фикрлар билдирилди, – деди “Иссиқлик электр станциялари” АЖ Бирлашган касаба уюшмаси қўмитаси раиси Анвар Рустамов. – Уларга меҳнат қонунчилиги ҳамда жамоа шартномасида белгиланган бандлар асосида тушунчалар берилди. Таъкидлаш керакки, бу каби сайёр қабуллар “Инсон қадри учун” ғояси доирасида ташкил қилинаётган бўлиб, мақсад ходимлар билан очиқ мулоқот майдонини яратиш, уларнинг ўз ҳуқуқ ҳамда бурчларини англаб етишларига кўмаклашиш ва муаммоларини ҳал этган ҳолда ишчанлик кайфиятини оширишдан иборатдир.
Н.Зиёдуллаева,
ЎзА