Сайхун илҳомлари — адабиёт ва маънавият кўзгуси
Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан нашр этилган «Сайхун илҳомлари» китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, шоир ва ёзувчилар, журналистлар ҳамда адабиёт ихлосмандлари иштирок этишди.
Вилоят ҳокимлиги, Республика Маънавият ва маърифат марказининг Сирдарё вилояти бўлими, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ташаббуси билан «Маънавият» нашриётида чоп этилган 480 саҳифали тўпламдан Сирдарё заминида қалам тебратаётган 89 нафар ижодкорнинг асарлари ўрин олган. Унда назм, наср, болалар адабиёти, драматургия, бадиий таржима, адабиётшунослик ва публицистика жанрларидаги ижод намуналари жамланган.
Китобдан Ўзбекистон халқ шоирлари Тўра Сулаймон ва Ҳалима Худойбердиева каби миллий адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган ижодкорлар асарлари билан бир қаторда, Сирдарё адабий муҳитининг устоз ва ёш вакилларининг ижоди ҳам жой олган. Ҳаётхон Ортиқбоева, Мирза Қайнаров, Ҳамроқул Ризо, Жонибек Субҳон каби ижодкорларнинг асарлари тўплам мазмунини янада бойитган.
Нашрда адабиётшунослик ва илмий-бадиий тафаккурга ҳам алоҳида ўрин берилган. Гулистон давлат университетида кўп йиллар фаолият юритган Ўмрзоқ Ўржабоев, Анқабой Қулжонов, Босим Тўйчибоев, Акрам Каттабеков, Қозоқбой Йўлдошев ва Қобул Кубаев каби олимларнинг илмий ишлари адабий меросимизни ўрганишда аҳамият касб этади. Саминжон Султонов, Холида Пардабоева, Аҳмадали Шерназаров каби публицист ва журналистларнинг асарларида эса Сирдарё ҳаёти, замон нафаси ва жамиятдаги жараёнлар ўз ифодасини топган.
[gallery-32073]
Тақдимот тадбирини Республика Маънавият ва маърифат марказининг Сирдарё вилояти бўлими раҳбари Муроджон Ҳаитов олиб борди. Унда Сирдарё вилояти ҳокими ўринбосари Отабек Мавлонбердиев, филология фанлари доктори, профессор Музаффар Маматқулов, «Янги Сирдарё» ва «Навоий Сирдарё» газеталари бош муҳаррири Баҳром Боймуродов, Гулистон давлат университети профессори Равшан Маҳмудов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Алиқул Хонимқулов ва бошқалар сўзга чиқиб, китобнинг аҳамияти, вилоят адабий муҳитини ривожлантириш ва ижодкорлар меросини кенг тарғиб этиш масалалари юзасидан фикр билдиришди.
Тадбирда бундай нашрлар турли авлод ижодкорларини бирлаштириш, адабий анъаналарни давом эттириш ва ёшларни миллий адабиётимизнинг сара намуналари билан таништиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Дарҳақиқат, адабиёт халқнинг тарихий хотираси, орзу-интилишлари ва маънавий қиёфасини акс эттиради. Сирдарё заминининг табиати, меҳнаткаш инсонлари, яратувчанлик руҳи, миллий қадриятлар ва Ватанга муҳаббат ижодкорлар асарларида турли бадиий талқинларда намоён бўлади. Тўпламда инсон қадри, ватанпарварлик, муҳаббат, эзгулик ва замон нафаси каби мавзуларнинг ёритилиши унинг ғоявий-бадиий қамровини белгилайди.
«Сайхун илҳомлари»нинг аҳамияти шундаки, у устозлар мероси билан бугунги ижодкорларнинг изланишларини бир майдонда жамлаб, Сирдарё адабий муҳитининг бойлиги ва ранг-баранглигини намоён этади. Бу эса ёш қалам соҳибларига адабий анъаналарни ўрганиш, бадиий тафаккурини бойитиш ва ижодий изланишларини давом эттириш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Бугун китобхонлик маданиятини юксалтириш, ёш авлодни миллий адабиётимизнинг сара намуналари билан таништириш ва уларда бадиий дидни шакллантириш долзарб вазифалардан биридир. Шу нуқтаи назардан, тўпламнинг кенг китобхонлар оммасига етиб бориши, айниқса, ёшлар орасида мутолаа қилиниши ва муҳокама этилиши муҳимдир.
Зеро, китобнинг ҳақиқий қадри унинг саҳифалари сони билан эмас, балки ўқувчи қалбида уйғотган туйғулар, тафаккурида қолдирган из ва ҳаётга бўлган муносабатига кўрсатган таъсири билан белгиланади. «Сайхун илҳомлари» ҳам Сирдарё адабий меросини асраб-авайлаш, уни келгуси авлодларга етказиш ва янги китобхонларни сўз санъатига ошно этишга хизмат қилувчи муҳим маънавий манбадир.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА