Сайловчилар сайловда фаол иштирок этади
Гулистон шаҳрида халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгаши депутатлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Гулистон шаҳрида халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгаши депутатлигига номзодларнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Шаҳардаги 4-Намуна сайлов округидан вилоят Кенгаши депутатлигига номзодлар ҳамда шаҳардаги “Намуна”, “Сайқат” ва “Боғишамол” маҳаллаларида истиқомат қилувчи сайловчилар иштирок этган сайловолди тарғибот учрашувида сайлов жараёнлари, номзодларнинг тарғибот тадбирлари Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодекси асосида ўтказилаётгани таъкидланди.
Сайловолди тарғибот тадбирида 4-Намуна сайлов округидан Сирдарё вилояти кенгаши депутатлигига номзодлар – Ўзбекистон “Адолат“ социал-демократик партиясидан Дилшода Таниқулова, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Турғунбой Муҳаммадиев, Ўзбекистон “Миллий тикланиш“ партиясидан Дилшод Мамараимов, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Шерзод Бобожонов ва Ўзбекистон Экологик партиясидан Исломиддин Раҳмонқулов ўзларининг сайловолди дастури билан сайловчиларни таништирди.
Таъкидлаш жоизки, вилоятда сайловолди тарғибот учрашувлари Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексида белгиланган тартиблар ҳамда белгиланган жадвал асосида ташкил этилмоқда. Ҳар бир номзодга сайловчиларни ўз дастурлари билан таништиришлари учун бир хил вақт ва имконият яратиб берилаётир.
– Бугунги сайловчилар кечагиларига мутлақо ўхшамайди, уларнинг нақадар фаоллиги, сайловлар бўйича билим савиялари ошган, – дейди Гулистон шаҳридаги 19-мактабгача таълим ташкилоти мудираси, Ўзбекистон “Адолат“ социал-демократик партиясидан Дилшода Таниқулова. – Жорий йилнинг 22 декабрида бўладиган сайловларда юртдошларимиз худди бугунги учрашувдагидек фаол иштирок этишларига ишончим комил. Мамлакатимиз тараққиёти, юртимиз тақдири, порлоқ келажагини яратишда муҳим аҳамият касб этувчи сиёсий жараён – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлигига бўлиб ўтадиган сайловларда фуқароларимиз ўзлари муносиб, деб топган номзодларга овоз беради.
Сайловолди тарғибот тадбирида сайловчиларни қизиқтирган барча саволларга халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлигига номзодлар батафсил жавоб берди.