Саудия дунёнинг минерал марказига айланмоқчи
Саудия Арабистони жаҳон энергетика бозоридаги ўрнини энди нафақат нефть, балки стратегик аҳамиятга эга минерал ресурслар орқали ҳам мустаҳкамлашга интилмоқда. Мамлакатнинг ғарбий қисмида жойлашган ва юз миллионлаб йил олдин шаклланган Араб қалқони ҳудуди бугунги кунда замонавий технология учун зарур қимматбаҳо минераллар йирик манбаси сифатида баҳоланмоқда.
Сўнгги йилларда Aр-Риёд иқтисодиётни диверсификация қилишга қаратилган “Vision-2030” дастури доирасида тоғ-кон саноатига алоҳида эътибор қаратмоқда. Ҳукумат бу соҳани мамлакат иқтисодиётининг нефть ва нефть-кимё саноатидан кейинги учинчи асосий таянчига айлантиришни мақсад қилган. Шу сабабли камёб ер унсурлари – никель, кобальт ва бошқа стратегик металларга қизиқиш тобора ортмоқда. Бу ҳақда SPA агентлиги хабар берди.
Бундай ресурслар ҳажм жиҳатидан кичик бўлса-да, электромобил, шамол электр станцияси, самолёт, сунъий интеллект тизими ва маълумот маркази ишлаши учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Дунё бўйлаб юқори технологияга талаб ошиб бориши асносида айни моддалар учун рақобат ҳам кучаймоқда.
Шу шароитда Саудия фақат хом ашё қазиб олиш билан чекланиб қолмасдан, минералларни ажратиш, қайта ишлаш, тозалаш ва юқори қўшимча қийматли маҳсулот ишлаб чиқаришга қаратилган яхлит саноат занжирини шакллантириш режасини тузяпти. Шу тариқа даромад бир неча баробар оширилиши мумкин.
Aр-Риёд халқаро ҳамкорликни ҳам фаол кенгайтирмоқда. Хусусан, мамлакат саноат ва минерал ресурслар вазири Бандар Ал-Ҳураифийнинг Россияга ташрифи дастуридан стратегик минераллар бўйича шериклик масаласи муҳокамаси, жумладан қидирув иши, технология алмашинуви, қайта ишлаш қувватини ошириш ва инвестиция жалб қилиш йўналишлари ўрин олди.
Саудиядаги сўнгги геологик тадқиқотлар ҳам улкан салоҳият намоён этмоқда. Расмий маълумотга кўра, мамлакатда аниқланган камёб ер унсурлари захирасининг қиймати 100 миллиард долларга тенг. Янги ўрганилган ҳудудларда эса юзлаб миллион тонна ресурс мавжуд.
Энг истиқболли конлардан бири Жабол Саййид ва Жабол Қурайяда жойлашган. Мутахассислар ушбу минерал камарнинг умумий қийматини 51 миллиард долларга баҳолади. Демак, мамлакатнинг глобал минерал бозоридаги ўрни янада мустаҳкамланади.
Энергетика соҳасидаги ўзгаришлар, масалан сунъий интеллект технологияси ва яшил иқтисодиётга ўтиш жараёни стратегик минералларга эҳтиёжни кескин оширмоқда. Саудия Арабистони эса айни жараёндан фойдаланиб, келажак иқтисодиётининг муҳим марказларидан бирига айланишга интиляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА