Сартарошлар халқаро танловга тайёрланмоқда
Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Республикаси Сартарошлар ва косметологлар уюшмаси томонидан стилист-сартарошлар учун маҳорат дарслари ва кўрик-танлов ташкил этилди.
Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Республикаси Сартарошлар ва косметологлар уюшмаси томонидан стилист-сартарошлар учун маҳорат дарслари ва кўрик-танлов ташкил этилди.
Сартарошлар ва косметологлар уюшмаси 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, уюшма маҳоратли сартарош, стилистларни тайёрлаб, уларни халқаро танловларга олиб чиқиб, Ўзбекистонимиз номини дунёга танитишга ҳисса қўшиб келмоқда. Ҳозир уюшманинг 500 га яқин аъзоси мамлакатимизнинг турли ҳудудларида фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг халқаро миқёсда малака ошириши, танлов ва тадбирларга қатнашиши учун тренинг ва ўқув-машғулотлари мунтазам ўтказилиб турилади.
– Кейинги пайтларда бизнинг уста-сартарошлар маҳорат бобида дунёнинг энг кўзга ташланган мутахассисларидан асло қолишмаяпти, –дейди уюшма раиси Фарҳод Шомуродов. – Биз уларнинг маҳоратини ошириш учун Германия, Финляндия, Россия каби давлатлардан малакали мутахассисларни чақириб, ўқув-машғулотлари ўтказиш тизимини йўлга қўйганмиз. Шу тариқа уюшмамиз аъзолари маҳоратини ошириб борамиз. Навбатдаги тадбир ҳам жорий йилда Санкт-Петербургда ўтказиладиган халқаро кўрик-танловда қатнашиш учун муносиб номзодларни танлаш ва уларни тайёрлаш учун ташкил этилди.
Тадбирда аёл ва эркак стилист-сартарошлари, пардозчи ҳамда модельерлар ўзларининг сўнгги урфдаги ишлари билан маҳоратини кўрсатди. Ҳар бир яратилган образда модерн услуби билан бирга, миллатимизга хослик ва қадимий урф-одатларимиз акс этишига алоҳида аҳамият берилди.

