Сармоялар янги имкониятлар яратади
Жиззахда инвестициявий ҳамкорликнинг янги манзили шаклланмоқда. Хитойнинг “Boshiran”, “Huafu Fashion Co., Ltd.” ва бошқа йирик компаниялари билан олиб борилаётган мулоқотлар ҳудуд иқтисодиётида хомашёни етиштиришдан тортиб, уни чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотни экспорт қилишгача бўлган яхлит занжирни барпо этишга хизмат қилмоқда.
Жиззах вилоят ҳокими Улуғбек Мустафоевнинг Хитой Халқ Республикасидан ташриф буюрган ишбилармонлар билан учрашуви ҳам ана шу мақсаднинг амалий ифодаси бўлди. Унда икки томонлама инвестициявий шерикликни кенгайтириш, мавжуд лойиҳаларни жадаллаштириш ва янги ташаббусларни ҳаётга татбиқ этиш масалаларига устувор аҳамият қаратилди.
Айниқса, “Boshiran” компаниясининг Жиззахда амалга ошираётган лойиҳалари диққат марказида бўлди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, пахтачилик кластерини ривожлантириш каби йўналишлар аграр тармоқ самарадорлигини ошириш баробарида, ҳудудда саноатлашув жараёнини янги босқичга олиб чиқиш имконини беради.

Бу борада 140 миллион долларлик пахтачилик кластери лойиҳаси алоҳида аҳамиятга эга. Лойиҳа доирасида юқори ҳосилдор янги пахта навларини етиштириш, етиштирилган хомашёни қайта ишлаш, томчилатиб суғориш тизимларини ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларига хизмат кўрсатиш йўналишларини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.
Замонавий қишлоқ хўжалигида самарадорлик фақат ҳосилдорлик билан ўлчанмайди. Сувдан тежамкор фойдаланиш, илғор технологияларни қўллаш, маҳсулотни қайта ишлаш ва унинг қўшилган қийматини ошириш тобора муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу жиҳатдан, ўсимликлар учун суюқ минерал ўғитлар ишлаб чиқариш лойиҳасини амалий босқичга олиб чиқиш, замонавий агросаноат кластери ва экспортга йўналтирилган қайта ишлаш марказини ташкил этиш бўйича ташаббуслар Жиззах учун янги иқтисодий имкониятларни очади.
Ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати пахтани чуқур қайта ишлаш ва тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга эътибор қаратилаётганидир. Зеро, хомашёни ташқи бозорга чиқаришдан кўра, унинг негизида тайёр маҳсулот яратиш кўпроқ қўшилган қиймат, кўпроқ иш ўрни ва барқарор экспорт тушумини англатади.

Шу маънода, қишлоқ хўжалигига замонавий техника ва технологияларни жалб этиш, янги иш ўринлари яратиш ҳамда экспорт салоҳиятини оширишга қаратилган режалар ягона иқтисодий занжирни шакллантиради. Сармоя бир соҳада тўхтаб қолмай, қишлоқ хўжалиги, саноат, хизмат кўрсатиш ва ташқи савдо ўртасида янги иқтисодий боғлиқликни юзага келтиради.
Учрашувда фаолияти тўхтаб қолган “Кентекс” ва Шароф Рашидов номидаги тўқимачилик корхоналарини қайта тиклаш ва ишга тушириш масаласининг муҳокама этилгани ҳам муҳим. Бу нафақат янги корхоналар барпо этиш, балки мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, уларни замонавий талаблар асосида қайта ишга тушириш имконини беради.
Мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар эса бу жараён учун мустаҳкам замин яратмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 27 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан VI очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур шароитларни кенгайтириш ва бизнес юритишдаги тўсиқларни камайтириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Жиззахда Хитой компанияларининг инвестициявий лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароит ва амалий кўмак кўрсатиб борилаётгани ана шу вазифаларнинг ҳудуддаги амалий ифодасидир. Энг муҳими, бу ёндашув сармоядор учун қулай муҳит яратиш билан бирга, киритилаётган маблағнинг реал иқтисодий натижага айланишини таъминлашга қаратилган.
Бугун Жиззах ва Хитой ўртасидаги инвестициявий муносабатларнинг мазмуни ҳам ўзгариб бормоқда. Энди асосий мезон сармоя ҳажми эмас, балки унинг иқтисодий самараси – янги технология, янги иш ўрни, янги маҳсулот ва янги бозорлардир.

Учрашув якунида ташаббусларни амалий босқичга олиб чиқиш, лойиҳаларни жадаллаштириш ва ўзаро манфаатли инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири