Сармоя — янги имкониятлар омили
Бугун мамлакатимизда тўғридан-тўғри хорижий маблағларни жалб этиш ва улар иштирокида юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳудудларнинг саноат салоҳиятини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Янгийўл туманида ҳам бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда. 2026 йилда туманда умумий қиймати 377,6 миллиард сўм бўлган 28 та ҳудудий инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ва 616 та янги иш ўрни яратиш белгиланган.
Шунингдек, жорий йилда тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан 124 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағларни ўзлаштириш режалаштирилган. Бунинг учун саноат, логистика, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, электротехника ва қишлоқ хўжалиги каби истиқболли йўналишларда янги лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Тумандаги 28 та инвестиция лойиҳасининг 12 таси саноат, 7 таси хизмат кўрсатиш ва 9 таси қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келади. Лойиҳалар тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йиллик 292,6 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш имконияти яратилади. Ҳисобот даври якунига қадар умумий қиймати 112,5 миллиард сўм бўлган 9 та лойиҳа ишга туширилиб, 143 нафар фуқаро доимий иш билан таъминланди.

Эътиборлиси, бу ҳудудда хорижий инвесторлар иштирокида амалга оширилаётган лойиҳалар ишлаб чиқариш йўналишларининг хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Жумладан, “AGROTOMCHI SUG‘ORISH TIZIMLARI” корхонаси томонидан 10,5 миллиард сўм инвестиция ҳисобига томчилатиб суғориш ускуналарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 21 та янги иш ўрни яратилди. “ZHONGTIAN AGRO TECHNOLOGY” корхонасида эса қишлоқ хўжалиги агрегат ва қурилмаларини ишлаб чиқариш лойиҳаси доирасида 5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилмоқда.
Озиқ-овқат саноатида “RICE SNEAK FOOD” корхонасида гуруч ва буғдой унидан болалар учун печенье маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасига 6 миллион АҚШ доллари йўналтирилган. Шунингдек, “YANGI DAVR MAHSULOTLARI”, “SHOVKAT OTA”, “MIKRO GRAND”, “ANTALIYA SERVIS” каби корхоналарда ҳам Хитой ва Туркия давлатлари капитали иштирокида қатор янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилмоқда. Бундай лойиҳалар туман иқтисодиётига нафақат молиявий ресурс ва замонавий технология, балки илғор бошқарув тажрибаси, янги ишлаб чиқариш маданияти ва бозор талабларига мос ёндашувларни ҳам олиб кирмоқда.
Инвестиция дастурининг барқарор ижросини таъминлаш мақсадида туманда қўшимча лойиҳалар захираси ҳам шакллантирилган. Энг муҳими, бу жараёнда инвестициянинг ҳар бир сўми ва ҳар бир долларини аниқ натижа — янги ишлаб чиқариш, рақобатбардош маҳсулот, янги иш ўрни ва аҳоли учун қўшимча даромад манбаига айлантириш мақсад қилинган.
Зеро, сармоя жалб қилишнинг ўзи якуний мақсад эмас. Асосий вазифа жалб этилган маблағларни самарали ўзлаштириш, корхоналарнинг барқарор ишлашини таъминлаш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқариш ва яратилган иш ўринларини доимий бандлик манбаига айлантиришдир.
Шу маънода, Янгийўл туманида амалга оширилаётган ҳар бир янги лойиҳа ҳудуднинг бугунги иқтисодий салоҳиятини мустаҳкамлаш билан бирга, унинг эртанги тараққиёти учун ҳам муҳим пойдевор яратмоқда.
К.Текенов,
Халқ депутатлари Тошкент вилояти
Кенгаши депутати,
ЎзА