Она Ватанимиз тинчлиги, мустақиллигимизни асраб-авайлаш, халқ фаровонлигини таъминлашда куч ишлатар тузилмалар бугун олдига қўйилган вазифаларни юксак даражада адо этиб, тинчлигимиз ва осойишталигимиз йўлида бир мақсад сари бирлашмоқда.
Буни айни кунларда 2023-2024 ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тайёргарлигининг асосий тадбирлар режасига мувофиқ бирлашма ва қўшилмаларда ўтказилаётган ўқувларда ҳам кузатишимиз мумкин.
Жумладан, Жиззах ва Самарқанд вилоятларининг қўшни Республикалар билан чегарадош ҳудудлари бўйлаб Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия ҳамда Давлат божхона қўмитаси, шунингдек тегишли идора ва ташкилотлар билан ҳамкорликда давлат чегараларини қўриқлаш, чегара ҳамда чегара олди ҳудудларида осойишталик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган “Бошқарув органлари ва бўлинмаларини юқори жанговар шайликка келтириш. Чегара қўшинларининг белгиланган ҳудудий жавобгарлик соҳасида жанговар ўқ отиш билан душманни қуролли бостириб киришларини даф этиш бўйича чегара операциясини ўтказиш” мавзусида уч босқичли комплекс қўмондонлик штаб ўқуви ўтказилди.
Ўқув машғулоти Давлат чегараси орқали ноқонуний равишда шартли душман босқини хусусидаги тезкор хабарга кўра, ҳамкорликдаги қўшилма ва тузилмаларга бир вақтда “Йиғин” буйруғининг берилиши орқали бошланди. Шундан сўнг бошқарув органлари ва бўлинмалар юқори жанговар шайлик даражасига келтирилди ҳамда тегишли жанговар масалаларни белгиланган вақтда бажарди.
Йиғилган ишчи гуруҳ томонидан олинган тезкор маълумотга кўра, шартли душманнинг давлат чегарасидан ноқонуний бузиб ўтган соҳаси белгиланиб, ҳар бир қўшилма ва бўлинмалар босқинни бартараф этиш ҳамда давлат чегараси дахлсизлигини ҳимоя қилиш режасини ишлаб чиқиб, ушбу ҳудудлардаги бўлинмаларга ўз қарорларини етказди. Қарорга асосан, ҳамкорликдаги тузилмаларга ўз хизмат вазифасидан келиб чиқиб жанговар топшириқлар берилди. Шунингдек, режада шахсий таркиб сони, манзилгача бўлган масофа, жанговар техника ва қурол-аслаҳа ҳамда ички таъминот каби барча элементлар ҳисобга олинди.
Шундан сўнг қуролли босқинни бартараф этиш бўйича кўрсатмага асосан, амалий ҳаракатларга старт берилди.
Қуролли босқин бўлган чегара ҳудудига барча ҳамкорликдаги тузилмалар белгиланган режалардаги вақт ҳисобига кўра етиб бориб, шартли душман шахсий таркиб ҳамда зирҳли техникалар орқали йўқ қилинди.
Бу каби ўқувлар давомида чегара операциясини ўтказиш доирасида бирлашма, қўшилма ва бўлинмаларнинг ҳамкорлик режаларини, ҳисобларини, жанговар қўллаш ҳужжатларини реал ҳолатларда текшириш ҳамда чегара операциясини режалаштириш ва ўтказиш давомида вазият кескинлашганда, биргаликдаги жанговар-хизмат вазифаларини бажаришда бошқарув органлари ва мансабдор шахсларнинг тезкорлик билан ахборот алмашинувини ва ҳамкорликнинг самарадорлигини ошириш, шунингдек куч ва воситаларнинг жанговар ҳаракатлар давомида ҳар томонлама таъминотини ташкиллаштириш бўйича кўникмалари такомиллаштирилади.
Эркин Ёдгоров,
Катта лейтенант
ЎзА