Саноат хавфсизлиги: жавобгарлик кучайтирилади
Мамлакатимизда саноатнинг жадал ривожланиши, технологик жараёнларнинг мураккаблашиб бориши саноат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш, соҳага оид талабларни янада такомиллаштиришни талаб этади.
Шу мақсадда саноат хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қуйи палатада маромига етказилди.
Қонунчилик палатасининг бугунги мажлисида мазкур қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини таъминлаш, хавфли ишлаб чиқариш объектларида авариялар ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, шунингдек, бу борада масъул шахсларнинг жавобгарлигини кучайтиришга қаратилган.
Унга кўра, саноат хавфсизлиги талабларини бузиш оқибатида фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказиш билан боғлиқ ҳолатлар учун қатъий жавобгарлик чоралари белгиланмоқда.
Шунингдек, саноат хавфсизлиги талабларига риоя этмаслик, хавфли ишлаб чиқариш объектларида давлат назоратини ташкил этмаслик, аварияларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга тайёргарлик кўриш талабларини бажармаслик учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги кучайтирилмоқда. Соҳадаги ваколатли органларнинг вазифалари аниқлаштириляпти.
Иккинчи ўқиш давомида қонун лойиҳаси депутатлар ва соҳа мутахассислари иштирокида маромига етказилди, ҳуқуқий жиҳатдан такомиллаштирилди. Қонун лойиҳасидаги нормалар саноат хавфсизлигини таъминлаш ва соҳада жавобгарликни белгилашда муҳим экани алоҳида таъкидланди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА