Саноат хавфсизлиги соҳасидаги эксперт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш тартиби белгиланди
Саноат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга эксперт ташкилотларини аккредитациядан ўтказишда янги давр бошланди. Бу нималарни англатади?
Ҳукумат қарори билан “Саноат хавфсизлиги соҳасидаги эксперт ташкилотларини аккредитациядан ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш”нинг маъмурий регламенти тасдиқланди.
2026 йил 25 июнда тасдиқланган Регламентга кўра, талабгор давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари маркази, ЯИДХП (my.gov.uz) ёхуд “Ягона интеграциялашган экотизим” ахборот тизимида рўйхатдан ўтган ҳолда мурожаат қилиши лозим бўлади.
Аризага талабгор фаолият юритмоқчи бўлган аккредитация соҳаси ҳамда аккредитация соҳаси бўйича ишларни бажариш учун саноат хавфсизлиги соҳасидаги экспертлар билан таъминлангани тўғрисидаги маълумотлар, эксперт ташкилоти Низоми, талабгорнинг аккредитация мезонларига мувофиқлигини тавсифловчи декларация; талабгорнинг сифатни бошқариш тизимининг мувофиқлик сертификати ва бошқалар илова қилиниши шарт.
Ваколатли орган ариза қабул қилинган кундан бошлаб 20 иш кунида тақдим этилган ҳужжатларни таҳлил қилади.
Талабгорнинг фаолияти ваколатли орган буйруғи билан ташкил этиладиган баҳолаш комиссияси томонидан жойига бориб баҳоланади.
Далолатнома ижобий бўлганда, далолатнома расмийлаштирилган кундан бошлаб 10 иш кунида аккредитация аттестатини бериш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Аккредитация аттестати 5 йил муддатга берилади.
Шербек Исломов, ЎзА