Саноат ва экология уйғунлиги: Нинбо пўлат заводи “яшил ишлаб чиқариш” тамойилига содиқлик намоён этмоқда
ШҲТ доирасида ўтказилаётган “Яшил ва барқарор ривожланиш” форуми иштирокчилари Нинбо шаҳрида жойлашган “Ningbo Iron and Steel Co., Ltd.” фаолияти билан танишдилар.
Тўлиқ ишлаб чиқариш занжирига эга йирик металлургия мажмуаси ҳисобланган мазкур корхонадахом ашёдан тортиб темир эритиш, пўлат ишлаб чиқариш, узлуксиз қуйиш жараёнигача бўлган барча босқичлар қамраб олинган. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган завод Хитойдаги илғор саноат корхоналаридан бири сифатида эътироф этилади.

Меҳмонлар учун махсус ташкил этилган саноат сайёҳлиги дастури кўпчиликда қизиқиш уйғотди. “Ақлли ишлаб чиқаришни кашф этинг: пўлат қандай яратилади?” шиори асосида илгари сурилган ушбу лойиҳа орқали турли давлатлардан келган ҳамкасбларимиз пўлат ишлаб чиқариш жараёнини яқиндан кузатиш имконига эга бўлишди.
Шунингдек, “Линсяо гуллари” манзарали йўлаги, “Оловда тобланган пўлат” эритиш ва қайта ишлаш ҳудуди, “Қизғин темир шароралари” (Домна печи жараёни), “Пўлат ҳосил қилиниши” (қуйиш чизиғи) ҳамда “Тиниқ сув кузатув майдони” (сув тозалаш тизими) каби махсус майдонлар орқали мураккаб жараённинг турли босқичлари намойиш этилди.

Айниқса, корхонада жорий этилган экологик технология – ҳаво ифлосланишининголдини олиш, қолдиқни қайта ишлаш ва углерод чиқиндисини камайтириш бўйича ечимлар алоҳида эътиборга лойиқ. Бу босқич “ақлли металлургия” унсурлари ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш баробарида экологик хавфни камайтиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Саноат ва табиат уйғунлашган корхона ҳудудида яшил боғлар, сув бўйида эса дам олиш масканлари ташкил этилган. Шу тариқа мажмуа жамоатчилик учун очиқ инновацион маконга айлантирилган.

Экологик маданиятни оширишга қаратилган мазкур ташаббус тегишли йўналишда юқори баҳоланиб, Хитойдаги “Энг яхши жамоатчилик иштироки лойиҳалари”дан бири сифатида тан олинган.
Хуллас, бугун саноат корхонасида ҳам экологик барқарорликни таъминлаш, инновация ва технология ёрдамида “яшил ишлаб чиқариш”га эришиш мумкинлигига бевосита гувоҳ бўлдик. Энг муҳим, мазкур лойиҳа ШҲТ мамлакатлари учун саноатни такомиллаштиришда муҳим тажриба бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Мусулмон Зиё, ЎзА
Ханжоу, Хитой