“Саноат учбурчаги” дастури кутилган натижа бермоқда
Президент топшириғи амалда
Президентимизнинг 2024 йил 14-15 октябрь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи давомида “Саноат учбурчаги” дастурини ишлаб чиқиш ҳамда 5 та шаҳар ва туманларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни “шатакка олиш” тизими бўйича топшириқ берилган эди.

Шунга асосан 2024 йил ноябрь ойида Олмалиқ шаҳрида комбинатнинг импорт маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилиб, унда республикадаги йирик маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан бир қаторда Ангрен, Олмалиқ, Оҳангарон шаҳарлари ҳамда Пискент ва Оҳангарон туманларида фаолият юритаётган корхона вакиллари билан ҳам ҳамкорликда самарали ишни ташкил қилиш белгиланган эди.

Бугунги кунда эса ОКМК “Саноат учбурчаги” дастури доирасида Тошкент вилоятида жойлашган кўплаб корхоналар билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйиб келмоқда. Амалга оширилган чора-тадбирлар самараси ўлароқ, жорий йилнинг 9 ой якунигача 25 та корхона “шатакка олиш” тизимига олиниб, 966 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Хусусан, Оҳангарон шаҳрида жойлашган “Steel pipe company” МЧЖ томонидан ОКМКга 600 тоннага яқин 5,3 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб берди. Корхона томонидан етказиб берилган маҳсулотлар комбинатнинг асосий ишлаб чиқариш объектларида ишлатилмоқда.

Мазкур корхона 2018 йил ташкил этилган бўлиб, тўғри чокли электр пайвандланган пўлат қувурлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Ойлик маҳсулот тайёрлаш ҳажми 2 минг 500 – 3 минг тоннани ташкил этали. Ўтган даврда ОКМК билан ҳамкорлик бошлангандан сўнг, ушбу кўрсаткичлар 50-60 тоннага ошган.

Умуман олганда, тадбиркорлик субъектлари ва саноат корхоналари ўртасида кооперацияни ривожлантиришга хизмат қилаётган мазкур ташаббус, транспорт харажатини 20-30 фоизга, таннархни эса 5-10 фоизга камайишини таъминлади.
“Саноат учбурчаги” дастури доирасидаги “шатакка олиш” тизими маҳаллий корхоналарнинг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш, янги имкониятлар эшигини очиш ва мамлакатимизда барқарор тараққиётни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА.