Пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов раҳбарлигидаги делегация аъзолари билан учрашув ўтказди.
Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик давлат раҳбарлари хоҳиш-иродаси асосида ривожланаётгани, Ўзбекистон-Россия алоқаларини мустаҳкамлашнинг муҳим бўғини экани таъкидланди. Суҳбат жараёнларида соғлиқни сақлаш, таълим ва саноат соҳаларида тажриба алмашишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, учрашув давомида пойтахтни ривожлантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилаётгани, ҳаётбахш, илиқ ва озода шаҳар муҳити яратилаётгани қайд этилди.
Тошкент ва Санкт-Петербург шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш истиқболлари, шунингдек, савдо-иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистон асосий савдо ҳамкори экани, бу йўналиш ишбилармонлик алоқаларини фаол ривожлантириш билан тўлдирилиши таъкидланди.

Учрашув самимий ва конструктив руҳда ўтди. Томонлар шерикликни янада чуқурлаштириш ва мунтазам мулоқотлар олиб бориш, жумладан, тажриба алмашиш ва икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга тайёрликларини билдирдилар.

Музокаралар якунида Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва Санкт-Петербург ҳукумати ўртасида 2025-2028 йилларга мўлжалланган савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" имзоланди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА