Санкция муддати узайди, ҳайкалларга қирғин...
Россия – Украина
АҚШ Президенти Жо Байден Украина билан зиддият туфайли Россияга нисбатан жорий қилинган санкция муддатини бир йил узайтирди. Бу ҳақда Оқ уй маъмурияти маълум қилди.
Германия ҳукумати Россия Украина билан низони бартараф этиш учун биринчи бўлиб қадам ташлаши керак, деб баёнот берди мамлакат канцлери Олаф Шольц.
“Россия ҳаракатни биринчи бошлади, шунинг учун тинчлик ташаббускори бўлиши керак”, деди у.
Европа Иттифоқи ташқи сиёсат хизмати раҳбари Жозеп Боррель ҳамжамият мамлакатларига мурожаат қилиб, Украина Қуролли кучлари талабига биноан қурол-яроқ сотиб олиш учун бир миллиард евро ажратишни сўради. Бу ҳақда “Agence France-Presse” хабар берди.Украина учун 155 мм калибрли артиллерия снаряди сотиб олмоқ зарурлиги айтилган.
Хитой Украина зиддиятини сиёсий йўл билан ҳал этиш кераклигини қайд этади, деди ХХР Раиси Си Цзиньпин.
“Пекин бу масалада ўз қарашига содиқ қолади”, деган етакчи.
Ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Германия ҳукумати қарашини яна бир марта ёдга олиб, “Украина Россия билан тинчликка эришиш йўлини ўзи ҳал этиши лозим”, деди.
“Биз Киевнинг ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўллаб-қувватлаймиз”, дея қўшимча қилди у “ARD” телеканалига интервью бераркан. Шунингдек, мулозим Киевга қирувчи самолёт етказиб бериш масаласи Германия учун долзарб эмаслигини ҳам таъкидлади.
Чехиянинг янги Президенти Петр Павел фикрича, НАТО мамлакатлари тахминан ярим йилдан кейин Украинага қирувчи самолёт етказиб бериши керак.
Украинанинг дон экспорти шартномаси март ойи иккинчи ярмигача амал қилишини эътиборга олиб, АҚШ ҳукумати муддатни узайтириш зарур, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари Нед Прайс баёнот берди.
Буюк Британия Украинага ҳарбий техника етказиб бериш масаласини мустақил равишда ҳал қилмайди, бу хусусдаги қарор Вашингтонда қабул қилинади, деди Британия ТИВ собиқ раҳбари Уильям Хейг.
Украина собиқ Бош вазири Николай Азаровнинг айтишича, мамлакат иккинчи Афғонистонга айланиб бўлди, иқтисод хароб, молия тизими тўлиқ халқаро кредитга боғланиб қолган. У ижтимоий тармоқда “мамлакатда қашшоқлик ва бузилган инфратузилма кузатилмоқда”, деб ёзди.
Украина Президенти девони раҳбарининг маслаҳатчиси Михаил Подоляк ижтимоий тармоқдаги саҳифасида “Киев Россия ҳудудини нишонга олмаяпти, ўққа тутмаяпти”, деб ёзди.
Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти маълум қилишича, пойтахтдаги Пушкин номли музей “Кудрявкадаги қишлоқ” номига ўзгартирилади. Маданият вазири маълумотига кўра, 2022 йил давомида русларга алоқадор қатор тарихий жойлар номи қайта кўриб чиқилган. Александр Пушкиннинг 28 ҳайкали, Максим Горькийнинг тўққизта, совет эркчилари шарафига ўрнатилган тўққизта хотира иншооти бузиб ташланган. Собиқ иттифоқ ва Россия билан боғлиқ 7 600 топоним ўзгаришга учраган.
Аброр ХОН,
ЎзА