Самимий, ҳаётий, реал асарлар муаллифи
Тошкент Фотосуратлар уйида умидли ёш мусаввир Умиджон Алимов асарларидан иборат "Қишлоқ анатомияси" номли кўргазма ташкил этилди.
Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ташкил этилган анъанавий халқаро Тасвирий ва амалий санъат ҳафталиги доирасидаги ушбу кўргазмага ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ томошабин йиғилди.

Андижон вилояти Избоскан туманидаги Ботиробод қишлоғида ўсиб улғайган Умиджоннинг картиналарини ҳайрат, завқ, ҳавас билан томоша қилиш мумкин. Сабаби, ёш рассом асарларида оддий ҳаёт нафаси билан бирга, руҳият, кайфият, кундалик муҳит мужассам. Кўргазмага қўйилган картиналардаги тасвирларнинг бари томошабинлар қалбига жуда яқин ва таниш, қадрдон манзаралардан иборат.
Бола опичлаган буви, ўртоғини чақиришга шайланиб дарвоза ёнида тараддудланиб турган болакай, сингилчасини велосипедда учираётган меҳрибон ака, ариқда кулча оқизаётган кичкинтойлар...

Тасвирий санъатнинг реализм услубидаги бу асарларга гиппереализм ҳамда фотореализм йўналишлари ҳам бироз қоришиб кетгани эътиборлидир.
Умиджондан бундай бетакрор ижод йўли, ўзига хос услубга эга бўлишида нималар туртки берганини сўрадик.

–Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида санъатшунослар, музейшунослар билан бирга ўқир эдик, – деди Умиджон Алимов. – Ўқиш жуда қизиқарли эди. Институтни битиргач, ҳамма ўз йўлидан кетди. Бир куни чет элга чиқиб кетган курсдошим Тошкентга келиб, кўргазма залларини кўрсатишимни сўради. Биргаликда "Табиат ва рассом" кўргазмасини томоша қилдик. Афсуски, кўргазмада менинг ишим йўқ эди. Дўстим менга ўз ижод услубим бўлиши зарурлигини, истеъдодни исроф қилмаслик кераклигини айтди. Унинг сўзлари менга қаттиқ таъсир қилиб, тинимсиз излана бошладим. Бу ишларим муттасил изланиш натижасидир.

–Умиджон бетиним изланадиган ижодкор, – деди ёш мусаввирнинг устози, Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалолов. – Унинг ишлари хорижда ҳам катта эътибор ва шуҳрат топишига ишонаман. Умиджон келажакда ишончни оқлайдиган рассом бўлади.
Кўргазмага қўйилган асарлар сон жиҳатдан кўп бўлмаса-да, лекин улар ҳар бир санъат мухлисига завқ бағишлаши тайин.

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири