Самарқандлик энг яхши ёш китобхонлар
Самарқандда “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилаётган “Ёш китобхон” танловининг вилоят ҳудудий босқичи бўлиб ўтди.
Унда танловнинг туман ва шаҳар босқичида ғолибликни эгаллаган ёшлар уч ёш тоифаси бўйича ўз билим ва тафаккурини яна бир бор синовдан ўтказди.
[gallery-21759]
– “Ёш китобхон”, “Энг яхши китобхон оила” каби танловлар халқимизнинг, айниқса, ёшларнинг китобга меҳрини, қизиқишини янада оширди, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бўлим бошлиғи Олимжон Эшқулов. – Мазкур танловларнинг якуний босқичларида самарқандлик йигит-қизлар, китобхон оилаларнинг ғолиб бўлиб, Президент совғаси – автомобиль билан тақдирланиши китобхонлар сафини янада кенгайтирди. Шу сабабли маҳалла ёшлари иштирокидаги “Беш ташаббус олимпиадаси” доирасида ўтказилаётган “Ёш китобхон” танловининг кўлами йилдан-йилга кенгайиб, қизғин баҳс-мунозаралар билан ўтмоқда. Бу гал ҳам вилоятимизда танловнинг туман, шаҳар босқичлари ёшларнинг фаол иштирокида ташкил этилди. Энг зукко, китобсевар ёшлар ғолибликни эгаллаб, ҳудудий босқичга етиб келди.
Танлов қатнашчилари белгиланган китоблар бўйича тузилган саволларга жавоб бериб, китобларнинг мазмун-моҳиятини қанчалик тушуниб олганларини кўрсатишди. Уларнинг жавоблари таниқли адабиётшунос олимлар ва ижодкорлардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан муносиб баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, 10-14 ёшли китобхонлар баҳсида Нуробод тумани Халқобод маҳалласида яшовчи Гулмира Норпўлатова, 15-19 ёшлилар орасида ҳам шу туманнинг Қўрғонча маҳалласидан келган Моҳинур Мухторова, 20-30 ёшлилар ўртасидаи эса Каттақўрғон шаҳар Амир Темур маҳалласи вакили Мухлиса Очилова биринчи ўринни эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланма олди.
Танлов ғолиб ва фаол иштирокчилари ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари