Самарқанддаги симпозиумда Ш.Нуруллаева Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигининг асосий йўналишларини таъкидлаб ўтди
Жорий йилнинг 2 апрель куни Самарқанд шаҳрида “Хитой – Марказий Осиё” тараққиёт бўйича билимлар тармоғи симпозиуми бўлиб ўтди. Тадбир Хитойнинг Халқаро тараққиёт билимлари маркази (CИКД) томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Симпозиумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Хитойнинг эксперт ва таҳлилий ҳамжамияти, шунингдек, Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлиги (CАРЕC) институти вакиллари иштирок этди.
Симпозиум доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти (СМТИ) директори ўринбосари Шафоат Нуруллаева “Замонавий глобал шароитларда ривожланишнинг долзарб масалалари ва имкониятлари” мавзусида маъруза қилди. У жаҳон тараққиётининг ҳозирги босқичи чуқур таркибий ўзгаришлар, геосиёсий кескинликнинг кучайиши ҳамда глобал иқтисодиётнинг парчаланиши билан тавсифланишини таъкидлаб ўтди.
Бундай шароитда иқтисодий ўзаро боғлиқлик тобора кўпроқ рақобат кураши воситаси хусусиятларига эга бўлиб бормоқда, глобал таъминот занжирлари ва технологик алоқалар эса сезиларли ўзгаришларга учрамоқда.
Унинг сўзларига кўра, геоиқтисодий, технологик ва иқлим омиллари мажмуаси давлатлар учун нафақат мослашиш, балки илғор ривожланиш стратегияларини ишлаб чиқиш қобилиятини талаб қиладиган ўзаро боғлиқ муаммолар мажмуасини шакллантиради.Шу билан бирга, институтларнинг сифати ва ривожланишни стратегик бошқариш рақобатбардошликнинг асосий омилига айланади.
СМТИ директори ўринбосари таъкидлаганидек, ривожланаётган мамлакатлар, жумладан, Ўзбекистон учун ушбу жараёнлар технологик ва институтсионал тафовутнинг кучайиш хавфи билан бирга кечмоқда, бу эса объектив равишда изчил ва илмий асосланган давлат сиёсатини олиб боришни талаб қилади.
Ўзбекистон барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар дастурини изчил амалга оширмоқда. Сўнгги йилларда сезиларли натижаларга эришилди: иқтисодиёт ҳажми 140 миллиард доллардан ошди, инвестициялар оқими ялпи ички маҳсулотнинг қарийб учдан бир қисмини ташкил этди, ташқи савдо чорак баравар ўсди, олтин-валюта захиралари 60 миллиард доллардан ошди, ишсизлик даражаси 5 фоизгача камайди, 1,5 миллиондан ортиқ киши камбағалликдан чиқарилди.
Ўзбекистонни даромади ўртачадан юқори бўлган мамлакатлар тоифасига ўтишини таъминлаш, шунингдек, 2030 йилга бориб юқори ўсиш суръатларини сақлаб қолган ҳолда миллий иқтисодиёт кўламини сезиларли даражада ошириш вазифаси қўйилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг Мурожаатномасида ички салоҳият ва халқаро имкониятлардан самарали фойдаланишга асосланган ўз тараққиёт моделини шакллантириш зарурлиги таъкидланган.
Бу борада Ўзбекистоннинг асосий савдо-иқтисодий шериги, энг йирик инвесторларидан бири ва илғор технологияларнинг муҳим манбаи бўлган Хитой тажрибаси алоҳида аҳамият касб этади. Хитойнинг 2026-2030 йилларга мўлжалланган 15-беш йиллик дастурида белгиланган тараққиётнинг устувор йўналишлари кўп жиҳатдан Ўзбекистоннинг инновацион ривожланиш, "яшил" трансформация, технологик мустақилликни ошириш ва барқарор ўсишни таъминлаш борасидаги вазифаларига ҳамоҳанг экани таъкидланди.
Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришнинг муҳим йўналишлари белгилаб олинди. Юқори қўшилган қийматли ишлаб чиқаришларга ўтиш билан саноат ва технологик кооперацияни ривожлантириш, транспорт-логистика боғлиқлигини мустаҳкамлаш, шу жумладан "Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон" темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга ошириш, сунъий интеллект ва катта маълумотлар технологиялари асосида рақамли трансформацияни жадаллаштириш, "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш, таълим ва илм-фан орқали инсон капиталига инвестициялар киритиш шулар жумласидан.
Бу нафақат замонавий глобал таҳдидларга самарали жавоб бериш, балки яқин келажакда минтақанинг барқарор ва мувозанатли ривожланишини таъминлаш учун шароит яратади.
ЎзА