Самарқанд – “яшил” тараққиётнинг янги марказими?
Глобал иқлим ўзгариши, экологик хавфсизлик ва барқарор ривожланиш масаласи жаҳон ҳамжамияти кун тартибидаги энг долзарб мавзулардан бирига айланиб улгурди. Бу борада давлатларнинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенгайтириш ва атроф-муҳит муҳофазасини кучайтиришга қаратилган ташаббуслари тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Глобал экологик жамғарманинг саккизинчи ассамблеяси доирасида илгари сурилган қатор ташаббуслар ҳам Ўзбекистоннинг экологик сиёсатда янги босқичга ўтаётганини намоён этди.
ЎзА мухбири мазкур ташаббусларнинг мазмун-моҳияти, Самарқанднинг “яшил” тараққиёт марказига айланиш истиқболлари ва бу жараённинг иқтисодий аҳамияти хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Абдулло Аслонов ҳамда “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори Муҳсинжон Холмухамедов билан суҳбатлашди.
– Самарқандни “Марказий Осиёнинг яшил инвестициялар ва инновациялар пойтахти” деб эълон қилиш ташаббусининг аҳамияти нимада?
Абдулло Аслонов:

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Абдулло Аслонов
– Бу ташаббусни стратегик аҳамиятга эга муҳим қадам сифатида баҳолаш мумкин. Чунки бугун экологик барқарорлик ва “яшил” иқтисодиёт давлатлар рақобатбардошлигининг асосий омилларидан бирига айланмоқда.
Самарқанд нафақат тарихий ва маданий марказ, балки инвестиция ва инновация учун ҳам улкан салоҳиятга эга шаҳар. Уни “яшил” тараққиёт марказига айлантириш орқали мамлакатимиз халқаро молия институтлари ва инвесторлар учун янада жозибадор майдонга айланади.
Энг муҳими, бу ташаббус бутун Марказий Осиё учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва экологик хавфсизлик каби муаммолар минтақанинг барча давлатларига дахлдор.
– Самарқандни пилот “яшил ҳудуд” сифатида ривожлантириш режаси ҳақида фикрингиз қандай?
Муҳсинжон Холмухамедов:

“Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети ректори Муҳсинжон Холмухамедов
– Бугун дунёда шаҳарларни экологик барқарорлик асосида қайта шакллантириш тенденцияси кучаймоқда. Самарқанд ҳам бу жараённинг муҳим иштирокчисига айланиши мумкин.
Жамоат транспортини экологик тоза технологияларга ўтказиш, энергия тежамкор инфратузилмаларни кенгайтириш, чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш ва яшил ҳудудлар майдонини ошириш каби лойиҳалар шаҳарнинг экологик қиёфасини тубдан ўзгартириши мумкин.
Бу тажриба кейинчалик Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам қўлланилиши эҳтимоли юқори. Шу маънода Самарқанд экологик модернизация бўйича ўзига хос тажриба майдони вазифасини бажаради.
– Улуғбек номидаги Барқарор ривожланиш илмий-тадқиқот институтини ташкил этиш ташаббуси қандай аҳамият касб этади?
Муҳсинжон Холмухамедов:
– Бу қарор тарих ва замонавий тараққиётнинг уйғун намунасидир. Мирзо Улуғбек ўз даврида Самарқандни жаҳон илм-фани марказларидан бирига айлантирган бўлса, бугун шаҳар барқарор ривожланиш ва иқлим тадқиқотлари соҳасида халқаро илмий марказга айланиш имкониятига эга бўлмоқда.
Колумбия университетининг Барқарор ривожланиш маркази билан ҳамкорликда ташкил этилаётган институт халқаро олимлар ва экспертларни жалб қилишга хизмат қилади.
Бу нафақат илм-фан ривожига, балки Самарқанднинг интеллектуал нуфузини оширишга ҳам катта ҳисса қўшади.
– “Яшил” ташаббуслар мамлакат иқтисодиёти ва инвестицион жозибадорлигига қандай таъсир кўрсатади?
Абдулло Аслонов:
– Бугун халқаро инвесторлар экологик стандартларга жавоб берадиган лойиҳаларга катта қизиқиш билдирмоқда. Қайта тикланувчи энергия, сувни тежаш технологиялари, “яшил” қурилиш ва экологик инновациялар энг истиқболли йўналишлардан бири ҳисобланади.
Самарқанднинг минтақавий “яшил” инвестициялар марказига айланиши мазкур соҳаларга йирик сармояларни жалб қилиш имкониятини кенгайтиради. Бу эса янги иш ўринлари яратиш, инновацион бизнесларни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, “яшил” иқтисодиёт келажак иқтисодиёти эканини ҳам унутмаслигимиз керак.
– Иқлим ўзгариши ва гидрометеорология миллий марказини ташкил этиш ташаббуси ҳақида нима дейиш мумкин?
Муҳсинжон Холмухамедов:
– Бу марказ иқлим прогнози, гидрометеорологик кузатув, эрта огоҳлантириш тизими ва иссиқхона газлари мониторингини ягона платформага бирлаштириши билан аҳамиятли.
Айниқса, иқлим хавфлари ортиб бораётган ҳозирги шароитда бундай марказнинг аҳамияти жуда катта. У қишлоқ хўжалиги, сув ресурслари, энергетика ва шаҳарсозлик соҳаларида илмий асосланган қарорлар қабул қилиш имкониятини кенгайтиради.
– Сизнингча, Самарқанд яқин келажакда Марказий Осиёнинг “яшил” марказига айлана оладими?
Абдулло Аслонов:
– Менимча, бунинг учун барча имкониятлар мавжуд. Самарқанднинг бой тарихий мероси, халқаро нуфузи ва иқтисодий салоҳияти мазкур ташаббусларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратади.
Муҳсинжон Холмухамедов:
– Энг муҳими, бугун аниқ стратегия ва кучли сиёсий ирода шаклланган. Агар белгиланган мақсадлар изчил амалга оширилса, Самарқанд нафақат Ўзбекистоннинг, балки бутун Марказий Осиёнинг барқарор ривожланиш бўйича етакчи шаҳрига айланиши мумкин.
Д.Ҳакимов, ЎзА