Самарқанд – халқаро дўстлик ва ҳамкорлик мулоқоти маркази (+видео)
Яқин кунларда қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида Биродар шаҳарлар биринчи халқаро форуми бўлиб ўтади. Эътиборлиси, мазкур нуфузли анжуман Ўзбекистон ва турли мамлакатлар шаҳарлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, маданий-гуманитар мулоқотни кенгайтириш ҳамда иқтисодий шерикликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Форум арафасида “Ўзбекистон – Венгрия” дўстлик жамияти ижрочи директори, ЎзМУ доценти Отабек Алимардонов ҳамда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси Ахборот хизмати раҳбари Озодбек Қувондиқов билан ЎзА учун махсус суҳбат уюштирдик.

Мулоқотда экспертларимиз диёримизда халқ дипломатияси, биродар шаҳарлар институтининг халқаро муносабатлардаги ўрни, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб жиҳатлари ҳамда ўлкамизнинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсати доирасида амалга оширилаётган ташаббуслар хусусида атрофлича фикр билдиришди.
Айниқса, суҳбатда мазкур конференция маҳаллий ҳокимиятлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, янги инвестиция ва туризм имкониятларини яратиш, шаҳарсозлик, рақамлаштириш, экология ва маданий меросни асраш борасида тажриба алмашиш учун муҳим майдон бўлиши қайд этилди.

Самарқандда ўтказиладиган Биродар шаҳарлар биринчи халқаро форуми нафақат шаҳарлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, балки халқлар дўстлиги, бағрикенглик ва ўзаро англашув ғояларини янада кенг тарғиб этишда муҳим воқеа сифатида тарихда муносиб ўрин эгаллаши кутилмоқда.
Ушбу суҳбатни ЎзАнинг “YouTube” каналида кўришингиз мумкин.
Ўткир Алимов,
Нишонбой Абдувоитов (видео),
ЎзА