Самарқанд туризми янги хорижий сармоядорларнижалб қилмоқда
Самарқанд вилоятида туризмни ривожлантириш, соҳага хорижий сармоя жалб этишга қаратилган яна бир муҳим учрашув бўлиб ўтди. Вилоят ҳокими ўринбосари Хуршидбек Самиев озарбайжонлик йирик инвестор Илғор Мамедов бошчилигидаги делегацияси билан музокара ўтказди.
Учрашувда асосий эътибор кўҳна шаҳарнинг сайёҳлик салоҳиятини янада ошириш, замонавий инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда янги инвестиция лойиҳалари амалга оширишга қаратилди.
Мулоқот давомида Илғор Мамедов жамоасининг Германия ва Туркиядаги муваффақиятли бизнес фаолияти, шунингдек халқаро миқёсда амалга оширган лойиҳалари ҳақида маълумот берди. Ушбу тажриба Самарқандда янги туристик йўналишларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Хусусан, хорижлик инвестор шаҳарда замонавий кўнгил очар инфратузилма лойиҳаларини йўлга қўйиш режасини тақдим этди. Ташаббусга кўра, вилоятда аэро-туризм хизмати, жумладан ҳаво шарлари, микролайт (учар мотоцикл) ва ҳаракатланувчи анимацион динозаврдан иборат мазмунли хиёбон каби инновацион туризм йўналишлари жорий этилиши кўзда тутилган.
Учрашувда озарбайжонлик тадбиркорга Ургут тумани Узунсой қишлоғида, шунингдек Самарқанд туманидаги тоғли ҳудудда эко ва дино парклар очиш бўйича аниқ таклиф берилди. Бундай лойиҳалар табиий ресурслардан оқилона фойдаланиб, экология туризмини ривожлантириш ва янги сайёҳлик масканлари яратишни назарда тутади.
Муҳокама чоғи Илғор Мамедов вилоятга 3 миллион доллардан зиёд сармоя киритиш режасини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ушбу маблағ замонавий туристик инфратузилма шакллантириш, янги иш ўринлари яратиш ва ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга хизмат қилади.
Вилоят ҳокимлиги масъуллари таъкидлашича, инвестиция муҳитини яхшилаш ва туризмни ривожлантириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган. Шу билан бирга, тарихий ва маданий мерос объектларини асраш масаласи ҳам алоҳида аҳамиятга эга.
Хориж делегацияси аъзоларининг вилоят Туризм бошқармаси масъуллари билан суҳбатида соҳани янада ривожлантиришга қаратилган комплекс дастурлар тақдим этилди. Мулоқот давомида янги сайёҳлик йўналишлариочиш, хизмат сифатини халқаро талаблар даражасига олиб чиқиш, масалан замонавий аттракционлар сонини кўпайтириш ҳамда рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш масалалари устувор эканига урғу берилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш, инвестиция лойиҳаларини босқичма-босқич амалга оширишга келишиб олдилар.
Нодира Кайимова, ЎзА