Самарқанд глобал конференция: ёшлар ҳуқуқлари, рақамли макон ва иқлим ўзгариши – эътибор марказида
Самарқандда ўтаётган Парламентлараро иттифоқнинг Ёш парламент аъзоларининг ХII глобал конференцияси доирасида муҳим мавзуларда сессиялар ўтказилди.
“Мураккаб даврда ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш" мавзусидаги сессияда қуролли низолар ва турли инқирозли вазиятларнинг ёшлар ҳаётига таъсири, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, таълим олиш имкониятларини таъминлаш ҳамда тинч ва хавфсиз ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Унда БМТ Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарининг Марказий Осиёдаги вакили, Парламентлараро иттифоқнинг инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси, Ёш парламент аъзолари бюроси, Ўзбекистон, Кения, Сербия ва Таиланд парламентлари вакиллари ўз фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдирди.
Сўзга чиққанлар низолар шароитида ёшларнинг ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишда халқаро ҳамкорликни кучайтириш, уларга зарур ижтимоий ва гуманитар ёрдам кўрсатиш, таълим ва ривожланиш имкониятларини сақлаб қолиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Парламентларнинг ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ёшларнинг муаммоларига ечим топишга қаратилган қонунчилик ва парламент назорати механизмларини такомиллаштиришдаги ўрни хусусида фикр алмашилди. Ўзаро ҳамкорликни янада кучайтириш муҳимлиги қайд этилди.
“Рақамли даврда рақамли ҳуқуқларни ҳимоя қилиш” мавзусидаги сессияда рақамлаштириш инсонларнинг ахборот олиш, мулоқот қилиш, таълим ва ўз имкониятларини намоён этиш борасидаги имкониятларини кенгайтираётгани қайд этилди. Айни пайтда рақамли муҳитда шахсга доир маълумотларнинг дахлсизлиги, сўз эркинлиги, онлайн хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ янги масалалар ҳам кун тартибидаги долзарб масалалар ҳисобланади.
Мазкур таҳдидларга жавобан халқаро тажриба ва замонавий ёндашувлар муҳокама қилинди. Хусусан, рақамли платформалар фаолиятининг инсон ҳуқуқларига таъсири, технологиялардан фойдаланишда шахсга доир маълумотларни муҳофаза қилиш, Интернетда сўз эркинлигини таъминлаш ҳамда ёшларни рақамли хавфлардан ҳимоя қилиш масалаларига эътибор қаратилди.

Сессияда Ўзбекистон, Бирлашган Араб Амирлиги ва Уругвай парламенти аъзолари, Парламентлараро иттифоқнинг Ёш парламент аъзолари бюроси, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий ваколатхонаси, Халқаро электр алоқа уюшмаси, “Глобал ҳамдардлик учун Сатяртҳи ҳаракати” ташкилоти вакиллари рақамли ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича миллий ва минтақавий ёндашувлар юзасидан ўз фикрларини билдирди.
Рақамли тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, технологиялардан фойдаланишда хавфсизлик ва масъулият тамойилларини кучайтириш ҳамда ушбу йўналишда халқаро ва парламентлараро ҳамкорликни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

“Ҳозирги ва келажак авлодлар учун иқлим ўзгаришига чидамлиликни таъминлаш” мавзусидаги сессияда ёшларнинг хавфсиз, соғлом ва барқарор атроф - муҳитда яшаш ҳуқуқини таъминлаш масалалари кўриб чиқилди.
Парламентлараро иттифоқнинг Ёш парламент аъзолари бюроси, Соғлиқни сақлаш қўмитаси, БМТ Атроф-муҳит дастурининг Марказий Осиё бўйича субҳудудий офиси ва Жаҳон келажаги кенгаши вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон, Покистон ва Сейшел ороллари парламентлари аъзолари бугунги ва келажак авлодлар учун иқлим хавфларига мослашиш, иқлим ўзгаришига чидамлиликни ошириш ва иқлим адолатини таъминлашнинг самарали йўлларини муҳокама қилди.
Тақдимотларда инсон ҳуқуқларини марказга қўйган ёндашув асосида иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш бўйича ечимлар юзасидан таклифлар илгари сурилди. Мавзу бўйича ташаббуслар илгари сурилди ва ўзаро тажриба алмашилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА