Самарали ҳамкорлик янада мустаҳкамланади
Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов ва Россия Федерациясининг Бошқирдистон Республикаси саноат, энергетика ва инновациялар вазири Александр Шельдяев бошчилигидаги делегация аъзолари ўртасидаги учрашувда икки томонлама иқтисодий-ижтимоий, маданий-гуманитар алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Нуфузли меҳмонларга Наманган вилоятининг бугунги иқтисодий салоҳияти, тўқимачилик ва енгил саноат корхоналарининг жаҳонда тутган ўрни ҳақида атрофлича маълумот берилди. Хорижлик меҳмон Наманганнинг иқтисодий салоҳияти, амалга оширилаётган ишлар кўлами ва сифатини юқори баҳолаб, тадбиркорлик жадал ривожланиб бораётган ушбу ҳудуд билан амалий ҳамкорлик қилиш учун барча асослар етарли эканини таъкидлади.
[gallery-5497]
Жорий йилнинг май ойида бўлиб ўтадиган 61-Халқаро гуллар фестивали, икки томон ишбилармонлари форуми ва тадбиркорларнинг “B2B” форматдаги учрашувлари, сентябрь ойида Уфа шаҳрида ўтказиладиган асаларичилик фестивали каби ўзаро муштарак тадбирлар ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Тез кунларда Уфа ҳамда Наманган шаҳарлари ўртасида мунтазам авиақатновлар амалга оширилади. Бу ҳам икки ҳудуд ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамланишида муҳим аҳамият касб этади. Дўстона руҳда кечган учрашувда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, илм-фан ва спорт соҳаларида келишувларни амалга оширишга келишиб олинди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА