Саломатликка элтувчи 5000 қадам
Оқолтин туманидаги Кўркам диёр маҳалласида эрта тонгдан бошланган ҳаракат бир мақсад атрофида бирлашган инсонларнинг интилишини яна бир бор намоён этди. Маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” лойиҳаси бу гал ҳам аҳоли, айниқса хотин-қизларни жисмоний фаолликка чорлаш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш йўлида муҳим қадам бўлди.
Тадбирда турли ёшдаги аёллар, фаол ёшлар ва маҳалла фаоллари иштирок этиб, эрта тонгдаги пиёда юриш марафонида бир сафда ҳаракат қилди. Қисқа фурсат ичида оддий ташаббус умумий кайфиятни кўтарган, одамларни яқинлаштирган ва соғлом турмуш тарзига бўлган қизиқишни кучайтирган ижтимоий майдонга айланди.

Мутахассислар таъкидлаганидек, мунтазам пиёда юриш юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилайди, организмдаги қон айланишини фаоллаштиради ва стрессни камайтиради. Шу маънода, “5000 қадам” каби ташаббуслар профилактик тиббиётнинг энг содда ва самарали усулларидан бири сифатида аҳамият касб этмоқда.
— Бугунги иштирок бизга катта руҳий кўтаринкилик бахш этди, — дейди тадбир иштирокчиларидан бири Сабоҳат Ашурова. — Энг муҳими, бу каби тадбирлар орқали соғлом ҳаёт тарзи одатга айланмоқда.

Ёшлар ҳам ташаббусга бефарқ эмас. Улар бундай акциялар орқали нафақат соғломлашиш, балки вақтни мазмунли ўтказиш имконига эга бўлаётганини таъкидлашмоқда.
Лойиҳанинг асосий мақсади — аёллар ўртасида сурункали касалликлар профилактикасини кучайтириш, жисмоний фаолликни ошириш ва кундалик ҳаётда пиёда юриш маданиятини шакллантиришдан иборат.

Эътиборли жиҳати шундаки, бундай ташаббуслар нафақат соғлиқни мустаҳкамлашга, балки маҳаллада ижтимоий муҳитни янада жонлантиришга ҳам хизмат қилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА