Сурхондарё вилоятидаги Олтинсой тумани тиббиёт бирлашмасининг бир гуруҳ шифокор ва тиббиёт ходимлари бугун мамлакатимиз бўйлаб саёҳатга жўнаб кетди.
Президентимиз раислигида жорий йилнинг 9 апрель куни ҳудудларнинг туризм салоҳиятини янада ошириш ҳамда хорижий ҳамкорлар билан амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда ҳар ойнинг битта шанба ва якшанбаси – “оила ва меҳнат жамоаси билан саёҳатга чиқиш” куни, деб эълон қилинган эди. Шунга мувофиқ туманда ички туризмни ривожлантириш дастури ишлаб чиқилиб, меҳнат жамоалари билан мамлакатимиз бўйлаб саёҳат уюштириш режалаштириб олинди.

– Давлатимиз раҳбари илгари сурган бу ташаббус чуқур маънога эга, – дейди Олтинсой тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи Муртазо Раҳмонов. – Ходимларнинг уюшган ҳолда саёҳатга чиқиши ички туризмни ривожлантириш баробарида инсоннинг кўнглини очиб, мароқли дам олишига кўмаклашади. Ҳаётнинг кундалик муаммоларидан узоқлаштириб, руҳан тетиклашишга ёрдам беради. Белгилаб олган режамиз асосида бугун элликдан ортиқ ходимни сафарга кузатдик. Келгусида бошқа ходимлар учун ҳам ана шундай мароқли саёҳатлар ташкил этилади.

Туманнинг саломатлик посбонлари дам олиш кунлари дунё сайёҳларини мафтун этаётган Самарқанд, Бухоро, Тошкент каби қадимий шаҳарлардаги тарихий обидалар, муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳларда бўлади. Жойларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, янги барпо этилган замонавий иншоотлар билан яқиндан танишиб, таассуротларини янада бойитади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири