Саҳнада — мактаб театрлари: Сирдарё босқичи якунланди
Ёш авлодни маънавий-ахлоқий жиҳатдан баркамол этиб тарбиялашда санъат, хусусан, театр нафосатининг ўрни беқиёс. Зеро, театр фақат саҳнавий кўриниш эмас, балки инсон қалбини эзгуликка ошно этувчи, миллий ва умуминсоний қадриятларни ёшлар онгига сингдирувчи ўзига хос тарбия масканидир.
Президентимиз ташаббуси билан мактабларда театр жамоаларининг ташкил этилиши ҳам айнан ўқувчиларнинг бадиий дидини юксалтириш ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилмоқда.

Ана шундай эзгу мақсад йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида “Турон” мактаб театри республика танловининг Сирдарё вилояти босқичи вилоят мусиқали драма театрида ўтказилди. Танловнинг очилиш маросимида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосари Даврон Исаков сўзга чиқиб, мазкур лойиҳа ёшларнинг нафақат актёрлик маҳоратини, балки мустақил ва бадиий фикрлашини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлади.

Қайд этиш жоизки, танловнинг қуйи босқичларида вилоятдаги 305 та умумтаълим мактабидан 300 дан ортиқ жамоа, яъни жами 2416 нафар ўқувчи фаол иштирок этгани ёшлар орасида театр санъатига бўлган қизиқиш қай даражада юқори эканидан далолат беради. Вилоят босқичига йўлланма олган 11 та жамоа икки шарт асосида ўз иқтидорини намойиш этди.

Бизнинг мактаб шартида иштирокчилар ўз таълим даргоҳининг ютуқлари ва ўзига хос анъаналарини бадиий ва саҳнавий кўринишда намоён этди. Бунда жамоаларнинг ижодкорлиги, саҳна безаклари ва эмблемаларнинг мазмундорлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Театр — ибратхона шартида эса жамоалар миллий қадриятларни тараннум этувчи асарларни саҳналаштирди. Ҳакамлар ҳайъати ўқувчиларнинг актёрлик маҳорати, нутқ маданияти ва образларни очиб бериш даражасини холис баҳолаб борди.


Қизғин ва муросасиз кечган беллашувлар якунига кўра, Боёвут туманининг “Буюк Турон авлодлари” жамоаси мутлақ ғолибликни қўлга киритиб, республика босқичига йўлланма олди. Шунингдек, Ширин шаҳрининг “Турон зиёси” ва Сайхунобод туманининг “Жадидлар” жамоалари кучли учликдан жой олди.


“Турон” мактаб театри танлови нафақат ёш истеъдодларни кашф этди, балки уларнинг қалбида Ватанга муҳаббат ва миллий меросга ҳурмат туйғуларини янада мустаҳкамлади. Бу каби ташаббуслар келажакда санъатсевар ва юксак маънавиятли авлодни тарбиялаш йўлидаги стратегик саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир. Мазкур саҳналарда шаклланган маҳорат ёшларнинг келгуси ҳаёт йўлида энг тўғри ва мазмунли йўналишни танлашига хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири