“Сабр қил, ношукур бўлма!”
Бу сўзлар минглаб одамларнинг юрагидан чиқиб, эзгулик маршига айланди. Бу маршда сиз ҳам борсиз!
Бу сўзлар минглаб одамларнинг юрагидан чиқиб, эзгулик маршига айланди.
Бу маршда сиз ҳам борсиз!
Дунёни забтига олган коронавирус мавзуси ҳамон “тренд”да. Пандемия тусини олган офат аввал ваҳимадан куч олган бўлса, энди инсоний бирдамлик олдида ожиз тортгани қувонарли.
Хавфни енгиш, одамларга далда бўлиш учун қўлдан келгунча ҳаракат қилаётган шифокорлар, тадбиркорларнинг хайрли ишлари таҳсинга лойиқ.
Давлатимиз раҳбари коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича тезкор чораларни кўриш билан бирга, халқимизни якдилликка чорлаётгани, бошимизга тушган синовни бирдамлик билан енгишга ишонч билдиргани ҳам катта далда бўлди.
Аммо шундай оғир вазиятда айримларда вазминлик етишмаётгани, аюҳаннос солиб ҳаммани ўзига қаратаётгани яхши иш бўлмаяпди. Бу хориждан олиб келиниб, карантинда сақланаётган кишиларнинг хатти-ҳаракати билан боғлиқ.
Ижтимоий тармоқларда айланаётган ана шундай видеоларни кўриб, одамнинг дили хуфтон бўлса, аммо уларга қарата билдирилаётган фикрлар, изоҳларни кўздан кечириб таскин топади. Улар юзлаб эмас, минглаб! Улар турли сўзларда, тилларда, бироқ моҳиятан яқин! Улар якдил! Уларни қисқа қилиб “Сабр қил, ношукур бўлма!” деб номланган марш, десак хато бўлмайди.
Аввало, кўпчиликнинг дилини хира қилган ўша видеоларга тўхталиб ўтсак. Хориждан олиб келиниб, сиҳатгоҳларга жойлаштирилаётган фуқаролар борган жойини видеотасвирга олиб, хоналар чанглиги, ҳар бир хонада бешта кроват қўйилгани, тўшакларни ўзлари солгани, иссиқ сув йўқлигини иддао қилишган.
Аммо видеоларда сиҳатгоҳлар ёмон аҳволда эмас, таъмирдан чиққани кўриниб турибди.
· Чанг?
· Уни ўзингиз арта оласизку.
· Иссиқ сув?
· Буни ҳал қилиш мумкин, бироз кутсангиз.
· Бешта кроват?
· Ахир сиз сиҳатгоҳга ёнингиздан пул тўлаб дам олгани бормагансизку? Ёки Хитойда карантин пайтида юзлаб одамлар катта-катта хоналарга жойлаштирилганини кўрмадингизми?
· Овқат?
· Ким очдан ўлибди? Озроқ сабр қилсангиз бўлмайдими?
Ҳа, улар билан шундай мулоқот қилгим, айниқса қизил кийимдаги дунёни бошига кўтарай деган аёлни роса саволга тутгим келди. Афсус, карантин туфайли бунинг иложи бўлмади. Бироқ, ишончим комил, улар юртдошларимиздан ўзига керакли гапларни эшитди.
Фейсбук фойдаланувчиларининг фикрларига назар ташлаймиз:
Guli Hakimova: “Бирнинг касри мингга, дейишади. Тўсатдан келган фалокат одамни эсанкиратиб қўяди. Одамлар ҳам буни тўғри тушуниши керак. Сабр қилишса, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади-ку. Юртингга келганингга шукур қил!”.
Арслонбек Салаев: “Умирида бундай шароитда яшамаган эмиш. Россияда “Гранд отель”да яшадингми? Бир хонада 20 талаб ёки ўртасидан парда тортиб, бир томонида аёллар, бир томонида эркаклар яшайдиган хонада яшаганинг эсингдан чиқдими?”.
Чори Латипов: “Чанг эмиш, чойшаблар ҳам унчалик эмас экан. Карантинам шундай бўладими(миш)? (Карантиннинг даҳшатини кўриб қўйган эканда?). Карантинга тушиб, мундай бир роҳат қилай, деса шароит уйдагидан пеш эмас экан... Лекин видеода ёмон шароит кўринмади менга”.
Мавлоно Завқий: “Одамларга ҳам ҳайронсан. Камина неча йиллардан буён пул, вақт орттириб санаторийга бора олмайман. Икки ҳафталик текин санаторийга жойлашса, вой-дод қилишади, ношукурларэй”.
Şehnaz Mansurova: “Бундай вазият биринчи марта бўлиши. Шунча одамни қаерга жойлашади? Бирдан яхши шароит яратиш осон эмас. Уйингизда ҳам шу шароит йўқ бўлса керак? “Публика”га ўйнаш шартмиди?”.
Диёра Лали Улуғбекова: “Ношукурлар, озгина сабр қилиш қийинми? Ҳаммани хавф остига қўймоқчимиз, чиқиб кетиб? Карантинда ўтиришга мажбурсиз. Олиб келишганига раҳмат айтинглар, яхшиси”.
Солиха Солиха: “Сабр қилиш керак, ношукур бандалар, кечагина ватанга қайта олмай юрганлар бугун келиб характерларини кўрсатиши яхши эмас. Бу кўпга келган тўй. Ҳаммаси ўтади, фақат озроқ сабр қилиш керак, шароит қандай бўлишидан қатъий назар”.
Шохиста Нурмухамедова: “Яхшиямки уруш бошланмади, фақатгина эпидемия. Шунга шунчами? Қолаверса, очиқ палаткада эмассизку, шароитга мослашиб, қалин кийиниб, иссиқ чой ичиб, бирдам бўлиб, муаммоларни ҳал қилса бўладику”.
Гулбахор Имамова: “Олиб келгунча бир бало, олиб келгач яна бир бало. Қанақа инсонсизлар, ўзи? Инсон сал сабр-тоқатли бўлади, додлаб чиққунча Оллоҳдан сабр, тинчлик сўранг”.
Севара Кудашева: “Бунақа жанжаллар билан иш битмайди, ҳукумат қўлдан келганча ёрдам беряпди. Сизлар ҳам ҳамжиҳат бўлиб, ёрдам беринг. Агар сиз бизни уйда маза қилиб ётибди, деб ўйласангиз, адашасиз. Уйдан чиқмай ўтириш ҳам осон эмас. На илож, сабр қилиш керак. Синовдамиз ҳаммамиз. Оллоҳдан сабр ва шифо сўрайлик”.
Нилуфар Холмуродова: “Агар мен ҳам ватанимга эсон-омон қайта олсам, бир ой карантин дейишса ҳам чидардим. Ватанимнинг бағрида бўлсам бас. Сиз эса ношукурлик қилиб ўтирибсиз”.
Гузел Уфатовна: “Шаллақилик қилишга уялмадингизми? Ҳаммага келган тўй бу. Сабр қилиб, шукур айтиб ўтирмайсизми? Ҳадеб видео оласизлар, четдан келиб сизга ким ёрдам беради? Бир-биримизни тушуниб, ҳамжиҳат бўлсак, касалликни енгамиз”.
Фазилат Шоюнусова: “Сабр қил, кўчада эмассан. Ташқаридагиларгаям осон эмас, ҳозир. Буханка нон берди, деб нолийсиз. Ношукурлик бу!”.
Ана шундай мазмундаги фикрларнинг сон-саноғи йўқ. Улардан айримларини келтирдик, холос. Шу фикрларнинг ўзи ҳам хулоса чиқаришга етади, аслида. Мени қувонтиргани, юртдошларимизнинг бугунги кундаги вазиятга бефарқ бўлмай, юракдан фикр билдираётгани, ҳамжиҳат бўлиб, касалликни енгишга бўлган иштиёқи баландлиги, ишончи собитлиги.
Яна бир нарса эътиборлики, ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари коронавирус билан боғлиқ ҳазил-мутойибага ҳам эътибор қаратаётгани. Шундай мазмундаги суратлар, видеолар эса одамларни бироз чалғитиб, кайфиятини кўтармоқда.
Демак, яхши кайфият, ишонч, ҳамжиҳатлик бизни янада кучли қилади. Сабр ва шукур билан эса биз бошимизга тушган синовни албатта енгамиз.