Рулда эмас, пиёда: бир кунлик экологик танлов
Бугун турмуш тарзимизни автомобилларсиз тасаввур қилиш қийин. Автомобиль инсонга вақт тежаш имконини беради, масофани қисқартиради.
Аммо бу қулайликнинг экологик ва ижтимоий қиймати ҳам бор. Автомобиллар сони кўпайгани сари ҳавонинг ифлосланиши, тирбандлик, шовқин ва йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ хавфлар ҳам тобора ортиб боради.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, транспорт ҳаво ифлосланишининг муҳим манбаларидан бири бўлиб, автомобиль чиқиндилари таркибидаги майда заррачалар, азот диоксиди ва бошқа ифлослантирувчилар инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Транспорт билан боғлиқ ҳаво ифлосланиши юрак-қон томир ва нафас олиш тизими касалликлари хавфини оширади. Айниқса, йирик шаҳарларда ҳаво сифатига сезиларли таъсир қилади. Двигателдан чиқадиган газлардан ташқари, тормоз ва шиналарнинг ейилиши, йўл чанги каби омиллар ҳам ҳаводаги зарарли заррачалар миқдорига ҳисса қўшади. Шунингдек, транспорт шовқини инсоннинг кундалик ҳаёти ва дам олишига таъсир кўрсатиши мумкин.
Автомобиллар нафақат экологик муаммоларни келтириб чиқаради, балки йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳам долзарб масала. Маълумотларга кўра, йўл-транспорт ҳодисаларида ҳар йили дунёда миллионлаб инсонлар жабр кўради. Шу боис дунёда автомобиль ҳаракатини қисқа муддатга чеклаш орқали жамоатчилик эътиборини экологик тоза транспортга қаратиш ташаббуслари пайдо бўлган. Масалан, 22 сентябрь — Бутунжаҳон автомобилисиз кун сифатида нишонланади. Бу кунда одамларни шахсий автомобилдан воз кечиб, жамоат транспортидан фойдаланиш, пиёда юриш ёки велосипедда ҳаракатланишга ундаш мақсад қилинади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 25 мартдаги “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган “Тоза ҳаво” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ҳар ойнинг 10 ва 25 саналарида “Автомобилсиз кун” ҳамда “Автомобилсиз ҳафта” акциялари ўтказиб келинмоқда. “Автомобилсиз кун” ва “Автомобилсиз ҳафта” акциялари доирасида давлат ташкилотлари ходимлари хизмат ҳамда шахсий автомобилларидан воз кечиб, жамоат транспорти, велосипед каби воситалардан фойдаланади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳамда ҳудудий бош бошқармалар ходимлари ҳам акция доирасида хизмат ҳамда шахсий автомобилларидан воз кечиб, жамоат транспорти, велосипед каби воситалардан фойдаланди. Натижада акция бошланганидан бери Қўмита ҳамда ҳудудий бош бошқармалар ходимларининг 1730 дан ортиқ хизмат ҳамда шахсий автотранспорт воситаларидан фойдаланиши чекланди ҳамда атмосферага зарарли ташламалар миқдори ўртача 17 370 кг.га қисқартирилди. Шунингдек, шаҳар ичидаги тирбандликлар камайди.

Автомобилдан вақтинча воз кечиш инсоннинг ўзи учун ҳам фойдали. Пиёда юриш жисмоний фаолликни оширади, бу эса юрак-қон томир саломатлиги ва умумий фаровонлик учун муҳим. ЖССТ пиёда юриш ва велосипеддан фойдаланиш нафақат чиқиндиларни камайтиришга, балки жисмоний фаолликни оширишга ҳам хизмат қилишини таъкидлайди. Тўғри, автомобилдан бутунлай воз кечиш ҳар бир инсон учун ҳам, ҳар бир шаҳар учун ҳам осон эмас. Айниқса иш, оилавий шароит ёки масофа сабабли шахсий транспорт зарур бўлган ҳолатлар кўп. Шунинг учун масала автомобилни бутунлай рад этишда эмас, балки ундан оқилона фойдаланиш, жамоат транспортини ривожлантириш ва пиёдалар ҳамда велосипедчилар учун қулай инфратузилма яратишдадир.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА