Руҳий саломатлик ва ижтимоий ҳимоя масалалари муҳокама этилди
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Сирдарё вилоят бошқармасида суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган вояга етган шахслар ҳолати юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда руҳий саломатлигида турли даражадаги бузилишлар кузатиладиган, шунингдек, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни замонавий ижтимоий хизматлар билан қамраб олиш масаласи муҳокама марказида бўлди. Таъкидланишича, 2026 йилдан босқичма-босқич жорий этиладиган янги хизматлар мазкур тоифадаги фуқароларнинг ҳаёт сифати ва ижтимоий ҳимоя даражасини сезиларли оширишга хизмат қилади.
Муҳокамалар давомида васийлик тайинлаш жараёнларини ўз вақтида ва тўлиқ ташкил этиш, маълумотлар базасини аниқлаштириш ҳамда мунтазам янгилаб бориш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, васийликка муҳтож шахсларни тўлиқ қамраб олиш, идоралараро ҳамкорликни кучайтириш ва назорат механизмларини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Йиғилишда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Бойзоқов маълум қилишича, Президентнинг 2026 йил 7 апрелдаги “Руҳий ҳолати бузилган ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ руҳий саломатлигида муаммоси бўлган ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун комплекс ижтимоий ёрдам тизими босқичма-босқич шакллантирилади.

Унга кўра, “Эрта аралашув” хизмати орқали 3 ёшгача бўлган болаларни эрта аниқлаш ва реабилитация қилиш, шунингдек, махсус педагогик ёрдам кўрсатиш тизими йўлга қўйилади.
Шу билан бирга, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун “Янги кун” кундузги қараб туриш хизмати, уй шароитида парвариш хизмати, “Мадад” кичик уйлари ҳамда қисқа муддатли жойлаштиришга мўлжалланган “ижтимоий таътил” хизмати босқичма-босқич жорий этилади.

Бундан ташқари, 2026 йилдан бошлаб васийлик ва ҳомийлик комиссиялари таркибига “Инсон” марказлари ходимлари киритилиши, шунингдек, васийликдаги шахслар устидан мониторинг тизими йўлга қўйилиши белгиланди. Оғир ҳолатдаги шахсларни парвариш қилувчи қонуний вакилларга эса ҳар ойлик нафақа тўловлари жорий этилиши режалаштирилган.
Йиғилиш якунида масъулларга аниқ вазифалар юклатилиб, мазкур йўналишдаги ишлар давлат раҳбари томонидан белгиланган янги ижтимоий ҳимоя механизмлари билан уйғун ҳолда тизимли ва узлуксиз давом эттирилиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири