Истанбулдаги Чароғон саройида Россия ва Украина ёпиқ эшиклар ортида музокарани давом эттирди, деб хабар тарқатди “РИА Новости”.
Россия делегациясига Президент ёрдамчиси Владимир Мединский, Украина жамоасига эса Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши котиби Рустем Умеров бошчилик қилган.
Музокарада ҳар икки томон қатор муҳим ташаббуслар илгари суриб, муайян келишмовчиликларга ҳам дуч келди.
Украина томони икки давлат раҳбарлари учрашувини август ойи охиригача ўтказишни таклиф қилди. Умеров “бундай мулоқот ҳақиқий сиёсий тараққиётни очишга қодирлиги, аммо бунинг учун Россия учрашувга тайёрлигини намойиш қилиши кераклиги”ни таъкидлади.
Жами 1200 кишилик кенг кўламли гуманитар алмашинув тўғрисидаги келишув тадбирнинг муҳим натижаларидан бири бўлди. Россия томони, Умеров айтишича, уч йилдан кўп ушлаб турилган маҳбуслар, жумладан оғир ярадорларни қайтаришга рози бўлган.
Мединский эса Москванинг онлайн режимда ишлайдиган сиёсий, гуманитар ва ҳарбий масалалар бўйича уч ишчи гуруҳ тузиш таклифини маълум қилди.
Бундан ташқари Россия Украинага яна 3000 нафар украиналик ҳарбий хизматчи жасадини топширишга тайёрлигини билдириб, ярадорлар ва марҳумларни эвакуация қилиш учун қисқа муддатли (24-48 соат) ўт очишни тўхтатиш режимини таклиф қилган.
Гуманитар соҳада эришилган келишувларга қарамай, томонлар сиёсий жиҳатдан ҳамон келишолмаяпти. Мединский таъкидлаганидек, меморандумлар муҳокамаси Москва ва Киевнинг қараши ҳалиям “бир-биридан жуда узоқ”лигини кўрсатди.
Умуман, музокарада гуманитар келишув, тинч аҳолини қайтариш, етакчилар учрашуви, болаларни қайтариш ва можарони ҳал қилиш асосий мавзу бўлган.
– Халқаро ҳамжамият Россия ва Украина ўртасида Истанбулда бўлиб ўтган музокаранинг дастлабки икки давраси натижасини юқори баҳолаган, – деди Туркия ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан. – Дастлабки икки раундда сезиларли натижаларга эришдик...
С.Раҳимов, ЎзА