Rompharm NS компанияси вакиллари талабалар билан учрашди
Мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа этиб белгиланган. Шахсан давлатимиз раҳбари мазкур ташаббуснинг байроқдори экани ҳам ёшларга бўлган эътиборнинг нечоғли эканидан далолат.
Ана шундай ташаббуслардан бири ҳафтанинг ҳар пайшанбаси республикамиз бўйлаб ёшлар куни этиб белгиланганидир. Бунда ёшлар ўз ташаббусларига кўмак ва муаммоларига ечим олади.

Шу мақсадда, Тошкент давлат техника университетида Rompharm NS компанияси вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида компания фаолияти, замонавий иш шароитлари, ёш мутахассислар учун яратилаётган имкониятлар ҳамда касбий ривожланиш истиқболлари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, битирувчиларни ишга қабул қилиш бўйича суҳбат ташкил этилиб, номзодларнинг билим ва амалий кўникмалари баҳоланди.
Қайд этиш керакки, мазкур учрашув таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлаш, экология соҳасида малакали кадрларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшларнинг бандлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этди.

Якунда олийгоҳ ва компания ўртасида мунтазам ҳамкорликни йўлга қўйиш таклифи билдирилди. Бу орқали талабаларнинг амалий билимларини ҳам мустаҳкамлашга эришиш мумкинлиги таъкидланди.
Шербек Исломов, ЎзА