Республика молиячилар форуми
Тошкентда 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Банк-молия академияси ҳамкорликда “Бюджет, солиқ ва пенсия соҳасида акселератор механизмларини такомиллаштириш” мавзусида республика молиячилар форуми ўтказилди.
Тошкентда 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Банк-молия академияси ҳамкорликда “Бюджет, солиқ ва пенсия соҳасида акселератор механизмларини такомиллаштириш” мавзусида республика молиячилар форуми ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Банк-молия академияси, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Давлат солиқ қўмитаси масъул ходимлари иштирок этди.
Форумнинг асосий мақсади бюджет, солиқ ва пенсия соҳасини такомиллаштириш мақсадида илғор хориж тажрибаси, қолаверса, Ўзбекистон тажрибасини инобатга олган ҳолда, истиқболли таклифлар билан тегишли соҳалар ривожига ҳисса қўшишдир.

— Ҳозир глобаллашув ва интеграциялашув шароитида иқтисодиётнинг барча соҳалари шиддат билан ривожланмоқда. Мамлакатлар томонидан соҳаларни барқарор ва истиқболли ривожланишни таъминлаш мақсадида тезкор, сифатли, аниқ режалар ишлаб чиқилмоқда. Шу муносабат билан соҳаларга акселератор механизмларини жорий этилиши долзарб аҳамият касб этади, — деди инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи Шароф Ражаббаев.
Глобал инновацион индексининг юқори поғоналарини эгаллаган илғор мамлакатларда хусусий сектор вакилларининг инновацион фаолият, илмий-тадқиқот билан шуғулланиши ва яратилган интеллектуал фаолият натижаларини тижоратлаштириш учун турли солиқ рағбатлантириш механизмлари жорий этилган. Республика молиячилар форумида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан интеллектуал мулк яратувчиларини рағбатлантиришда жаҳон амалиётида қўлланиб келинаётган солиқ кредити ва Patent-Box имтиёзи таклиф этилди.
Солиқ кредитлари амалдаги солиқ қонунчилигида мавжуд солиқ таътиллари ва солиқ қарзларини бўлиб-бўлиб тўлашдан фарқли равишда инновацион фаолиятга мақсадли берилади. Бунда бюджет даромадлари инфляция таъсирларидан ҳимояланади, шу билан бирга хусусий сектор корхоналари ихтиёрида қоладиган бўш пул маблағлари илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини самарали амалга оширилишига хизмат қилади. Яратилган ихтироларнинг тижоратлаштирилиши натижасида солиқ кредитини тўлиқ ва ўз вақтида тўланиши таъминланади, умидсиз солиқ қарздорлигининг олди олинади.

“Patent-Box” – солиқ имтиёзининг интеллектуал фаолият натижасига қаратилган, яъни ҳар бир амалга оширилаётган илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларининг муайян маҳсулот яратилишига ҳамда уларни патентлашга қаратилган мақсадли имтиёз тури ҳисобланади. Бу бозорларда янги, юқори технологияли инновацион товар ва хизматлар яратилишига олиб келади ҳамда барқарор иқтисодий ўсишни таъминлашга хизмат қилади.
Инновацион ривожланиш вазирлиги ходимлари фуқароларнинг пенсия даромадларини ошириш, пенсия таъминоти жамғармасини барқарорлигини таъминлаш мақсадида юртимизда хусусий пенсия фондларини ташкил этиш бўйича илғор хориж тажрибасини қўллаш истиқболлари ҳақида таклифлар берди.