Равон йўллар аҳоли манфаатига хизмат қилмоқда
Қорақалпоғистон Республикаси Автомобиль йўллари Бош бошқармаси томонидан давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорлари ижросини таъминлаш юзасидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 1 апрелдаги “Республика ҳудудларини жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман(шаҳар)ларда амалий чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисида” қарорига асосан, Қўнғирот туманини 2025-2026 йилларда жадал комплекс ривожлантириш дастури амалга оширилмоқда.
Дастур доирасида туман ҳудудидан ўтувчи 95В144 “D231 автомобиль йўли (4 километридан) – “Раўшан” ОФЙ – “Саксаулсой” ОФЙ автомобиль йўлининг 0–1-километр оралиғида асфальт ётқизилмоқда. Мазкур ишлар Қўнғирот тумани Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси қурувчилари томонидан амалга оширилмоқда. Натижада ҳудудда йўл инфратузилмаси яхшиланиб, аҳоли ва транспорт қатнови учун қулайликлар яратилади ҳамда ҳаракат хавфсизлиги яхшиланади.

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 27 декабрдаги “2026 – 2028 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, А380 “Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” автомобиль йўлининг Хўжайли тумани ҳудудидан ўтган 787,5-километр қисмида йўл ўтказгич реконструкция қилинмоқда.
Мазкур йўл ўтказгичнинг узунлиги 60 метр, кенглиги 24,6 метрни ташкил этади. Лойиҳа замонавий муҳандислик талаблари асосида амалга оширилиб, жорий йилнинг ноябрь ойида фойдаланишга топширилиши белгиланган.
Ушбу йўл ўтказгич автомобиль йўли ва темир йўл кесишмасида жойлашгани билан алоҳида аҳамиятга эга. Реконструкция ишлари натижасида йўл ўтказгич замонавий талабларга мослашади, транспорт оқимининг узлуксизлиги таъминланади. Шунингдек, темир йўл чорраҳаларида юзага келадиган кутишлар ва хавфли вазиятларнинг олди олинади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.