Рассом "хато"ларига бағишланган кўргазма
Тошкент Фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, иқтидорли рассом Йигитали Сатторовнинг “Error 404: Artnot Foundr” номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Кўргазма номи бежиз танланмаган — уни рассомнинг ўзи белгилаган. “Error 404: Artnot Foundr” — интернетдаги энг машҳур хатолик кодларидан бири бўлиб, сервер сўралган саҳифа ёки файлни топа олмаганда пайдо бўлади.
Тадбирда таъкидланганидек, сўнгги йилларда рассом ҳаётида кўплаб “хатоликлар” бўлган, жумладан, шахсий муносабатларда, дўстликда ва ижодда. Бу ҳаётий синовлар оғир зарба бўлган бўлса-да, айнан улар рассомнинг катта ўсишига туртки бўлган. «Мен улардан миннатдорман. Айнан улар мени яхшироқ қилди», дейди Йигитали Сатторов.
[gallery-26479]
“404 хато” шунчаки йўқотиш ёки узилиш рамзи эмас. Бу янги йўналиш излаш, ўз-ўзингизга қайта уланиб олишга уриниб кўриш рамзи. Сўнгги икки йил ичида Йигитали Сатторов сезиларли шахсий ва ижодий трансформациядан ўтди.
Кўргазма экспозицияси тўрт зални эгаллаб, рассомнинг янги асарлари билан бир қаторда сўнгги йиллардаги муҳим ишлари ва илк бор намойиш этилаётган график сериясини бирлаштирди. Дастлаб айрим образлар тажовузкор ёки кескин кўриниши мумкин, аммо бу фақат ташқи қобиқ. Яқиндан қаралса, улар орқали рассомнинг ўта нозик, сезгир қалби намоён бўлади — у атрофидаги дунёни жуда теран ҳис қилади ва унга таъсир қилаётган воқеаларга чин дилдан жавоб беради.
Айнан шу сабабли “Error 404" кўргазмаси оддий экспозиция эмас — бу рассомнинг ўзини қайта топиш жараёнини акс эттирувчи ҳалол визуал кундаликдир. Бу кундалик рангтасвир орқали, хатолар орқали, ўзгаришга журъат топиш орқали шаклланади.
Кўргазма 8 декабрга қадар давом этади.
Гулноза Бобоева,
Носиржон Ҳайдаров (сурат),
ЎзА